ТРЕЙДИНГ ҲАҚИДА

ID: 4214

15.11.2025

387

Савол:

Трейдинг савдоси шаръан жоизми?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Биржада ишлаш мумкин ёки мумкин эмаслиги у эрда қандай фаолият олиб боришга боғлиқ. Аввал, Ислом Фиқҳи Академиясининг 1404 ҳижрий сана, 11-16 Робиъус-сонийда бўлиб ўтган биржа бозори ҳақиқати, унда юзага келаётган акция, қарз векселлари, товарлар ва қоғоз пулларнинг нақд ва насия битимларини ўрганиб, Ислом шариати ҳукмлари асосида муҳокама қилганидан сўнг, қилган хулосасини кўриб чиқсак.

“Ислом Фиқҳи Академияси биржа ва ундаги бўладиган акция, қарз қоғозлари, савдо моллари, пуллар ва бошқа савдолар билан яқиндан танишиб, ўрганиб чиққанидан кейин шариат аҳкомлари асосида қуйидаги қарорларни қабул қилган:

Биржанинг асосий мақсади доимий бозор яратиш ва унда иштирок этувчилар учун савдо-сотиқга, товарларини савдога қўйиш ва сотиб олинган маҳсулотларни талаб қилишга энгиллик яратишдир. Бу эрда савдо қилиш жуда ҳам осон бўлиб фойдали ва яхши иш бўлиб, савдо-сотиқда тажрибаси йўқ, ҳақиқий нарх-наводан хабари йўқ, аммо олди-сотдига муҳтож кишилар баъзи ғаразгўйлар томонидан алданиб қолишларининг олдини олади. Шунингдек, сотувчи ва олувчиларга катта ёрдам беради.

Лекин шу билан бирга, биржа савдосида шариат рухсат бермаган қиморга ўхшаш, бировнинг ҳисобидан фойда кўриш ва одамларнинг молини ботил йўл билан эйиш каби муомалалар ҳам бор. Шунинг учун биржа ҳақида умумий ҳукм чиқариб бўлмайди. Балки, унда бўладиган ҳар бир муомалага алоҳида тўхталиб ўтишга тўғри келади:

Қарз қоғозларининг устига фойда қўйиб сотишнинг барча турлари рибо бўлгани учун шаръан жоиз эмас. Насия савдонинг барча турлари акция ёки савдо моллари бўлсин, модомики сотувчининг мулкида эмас экан, биржадаги услубда сотиш шаръан жоиз эмас. Чунки, бунда шахс ўзининг қўлида бўлмаган нарсани кейинроқ бошқа тарафдан сотиб олиб бериш шарти билан сотади.

Бу эса Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган:

لَا تَبِعْ مَا لَيْسَ عِنْدَكَ(رواه الترمذي)

яъни: “Ўзингда бўлмаган нарсани сотма” деган ҳадисга биноан шариатда ман қилингандир. Шунингдек, Имом Аҳмад ва Имом Абу Довудлар Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

فإن رسول الله صلى الله عليه و سلم نهى أن تباع السلع حيث تبتاع حتى يحوزها التجار إلى رحالهم.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Савдо моллари сотилган жойида токи тожирлар ўз молига қўшиб олмагунча қайтадан сотилмас”, деганлар. Биржадаги қўлма-қўл бўлмаган савдолар шариатдаги салам савдосига ўхшамайди. Уларнинг орасида иккита фарқ бор.

Биринчиси: Биржадаги қўлма-қўл бўлмаган савдода нархни кейин берилади. Салам савдосида эса нарх савдо мажлисида берилади.

Иккинчиси: Биржа савдосида савдо моли биринчи сотувчи қўлида турган ҳолида бир неча марта савдо қилиниб, олиб-сотилади. Бунда сотувчи ва харидор орасида фақат фойда олинади. Худди қимордаги каби фойда ёки зарар кўриш эҳтимоли бўлиб туради. Саламда эса, қўлида йўқ нарсани сотилмайди.

Мазкур берилган фатво хулосасига кўра, агар биржа ёки электрон савдо жараёнлари ислом шариатига мослаштирилса шаръан тўғри бўлган савдога айланади.

Мусулмон киши биржада воқеликда бор бўлган нарсани сотиб олса ва сотишдан олдин ўзи ёки вакили орқали у товарни қўлига олса ёки ҳали мавжуд бўлмаган нарсани сотиб олиб савдо битими тузилган мажлис тугамасидан аввал товарнинг пулини топшириб шу ҳолатда савдо қилса, биржада ишласа бўлади, акс ҳолда биржада ишлаш шаръан мумкин эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар