ТИЛОВАТ САЖДАСИ ҲАҚИДА

ID: 2330

03.09.2025

304

Савол:

Ассаламу алайкум, устоз тиловат саждаси ўқилганда сажда қилиш вожиб бўлади, ёдловчилар эса ҳар бирида сажда қилмайди балки тўплаб битта сажда қилади, бир ҳил инсонлар йиллаб сажда қилмас экан бунинг қазоси бўладими 1000 та ўқиса ўрнини мингта сажда билан қоплайдими, агар кечиктирилса ёки ўрин алмашса 2 та сажда қилиш керак деб айтарди устозлар. Шу ҳолатда кечиктирилган ва йиллар давомидаги ўқилган сажда қилинмаганари нима бўлади, ҳар бирига сажда қиламизми? кейинги савол шу сажда қилишда қулоқ қоқиб ният қилинади шу яхши дейишган эди бир китобда эса қулоқ қоқилмайди дейилган, бу ҳолат энг тўғриси қай бири, қайси бирига амал қилишимиз керак? Батафсил тушунтириб берсангиз, жавоб учун раҳмат.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Ҳар бири учун алоҳида сажда қилинади. Сажда оятини намоздан ташқарида ўқиган ёки эшитган одам дарҳол сажда қилиши мандуб (яхши) бўлади. Лекин дарҳол қилиши вожиб эмас. Бу ҳақида шундай дейилган: وَفِي الْغِيَاثِيَّةِ وَأَدَاؤُهَا لَيْسَ عَلَى الْفَوْرِ حَتَّى لَوْ أَدَّاهَا فِي أَيِّ وَقْتٍ كَانَ ، يَكُونُ مُؤَدِّيًا لَا قَاضِيًا ، كَذَا فِي التَّتَارْخَانِيَّة هَذَا فِي غَيْرِ الصَّلَاتِيَّةِ أَمَّا الصَّلَاتِيَّةُ إذَا أَخَّرَهَا حَتَّى طَالَتْ الْقِرَاءَةُ تَصِيرُ قَضَاءً وَيَأْثَمُ ، هَكَذَا فِي الْبَحْرِ الرَّائِقِ . “Ғиёсийя китобида келтирилишича, тиловат саждаси дарҳол вожиб бўлмайди. Шунга кўра саждани қачон қилса ҳам, ўз вақтида қилган бўлади. Қазо бўлмайди (“Татархонийя”). Аммо бу ҳукм намоздан ташқаридаги саждага тегишли бўлиб, намозда сажда оятини ўқиса ва қироатни чўзиб, сажда қилмаса, қазога айланади ва гуноҳкор бўлади” (“Ал-Баҳр ар-роиқ” китоби). Намоздан ташқарида ўқилган сажда ояти учун қилинадиган тиловат саждасида намоздаги баъзи шартлар талаб этилади. Масалан, таҳорат, қиблага йузланиш, пок жой, пок кийим каби амаллар шарт ҳисобланади. Аммо такбир, яъни Аллоҳу акбар дейиш суннат, қиём (тик туриш) эса мустаҳаб ҳисобланади, фарз эмас. Қуръон ўқиётган киши сажда оятини ўқиб, ўтирган жойида сажда қилса, бу билан вожиб бўлган тиловат саждасини адо қилган бўлади. Тиловат саждасини бажаришнинг энг афзал кўриниши тик туриб такбир айтади ва саждага боради. Яна такбир айтиб саждадан туради. Бу ҳақда “Раддул муҳтор” китобида бундай дейилган: وهي سجدة بين تكبيرتين مسنونتين جهرا وبين قيامين مستحبين بلا رفع يد وتشهد وسلام وفيها تسبيح السجود “Тиловат саждаси суннат бўлган ва жаҳрий айтиладиган икки такбир ва мустаҳаб бўлган икки қиём орасидаги саждадир. Унда қулоқ қоқиш, ташаҳҳуд ва салом бериш йўқ. Лекин тасбиҳ айтилади”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар