Бир киши билан тижоратда шерик бўлмоқчи эдим. У киши агар шерик бўлсак, учинчимиз Аллоҳ бўлади, яъни фойдани учдан бирини Аллоҳ учун ажратамиз, деди. Шундай деб, шерикчиликни бошлаш мумкинми?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Шундай шарт билан шерикчиликни бошлаш жоиз. Лекин бу ҳолатда билиш керак бўлган нозик нуқталар бор:
Назр қилгандан кейин унга амал қилиш вожибдир. Қуръони каримда аҳдига вафо қилиш ва сўзида туришга буйурилади ва назрларни бажариш талаб қилинади (Моида-1, Исро-34, Наҳл-91).
Кўпчилик уламолар назр қилишни зарари йўқ дейдилар. Лекин Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ва бошқа фақиҳлар назр қилишни макруҳ, деб билганлар. (Имом Нававий, “Ал-Мажмуъ” китоби).
Демак, саволдаги кўринишда шерикчиликни бошлаган кишилар фойдани учдан бирини садақа қилишни назр қилган бўладилар ва токи шерикчилик тугагунча фойдани учдан бирини фақирларга садақа қилиб туришлари шарт. Баъзи сабаблар билан назр қилинган миқдорни чиқармасалар ёки ўзларига ишлатсалар хиёнат ва гуноҳ бўлади.
- Шерикчилик қилувчиларнинг: “Фойдамизнинг учдан бирига Аллоҳ шерик” ёки “Учинчимиз Аллоҳ бўлади”, деган гапидан мақсадлари аниқ бўлсада, бу жумлалар ўтган улуғларимизнинг сўзларида учрамайди. Бу жумлалар Аллоҳ таолога нисбатан одобсизлик ҳисобланади.
Тавсия шуки, шерикчилик қилаётганлар фойдаларидан фақирларга улуш ажратишни назр қилмасдан, масалан: “Фойдани учдан бирини фақирларга ажратамиз, иншааллоҳ”, деб ният қилсинлар. Шунда мабодо фойдадан улуш ажратолмай қолсалар ҳам гуноҳкор бўлмайдилар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.