Мавзу: Автомобил устасининг хизмат ҳақи масаласида шаръий савол Ассалому алайкум, ҳурматли фатво маркази ходимлари! Мен Жиззах вилоятиданман. Шахсий автомобилим аварияга учрагач, таъмирлаш ишларини бошлаб, барча ташқи қисмларни тикладим. Фақат электрон бошқарув тизимида носозлик бор эди. Жиззахда малакали мутахассис топилмагани учун машинани Тошкентга олиб бориб, интернет орқали топган “А” исмли устага топширдим. Мен унга: “Матор янгидан йиғилган, фақат электрон хатолик бор. Илтимос, шу қисмини текшириб, керак бўлса дастурини тузатинг,” дедим. Орадан икки соат ўтиб, у менга: “Матор нотўғри йиғилган, очиш керак,” деди. Мен эса: “Очманг, у тўғри йиғилган, матор устаси сиз билан боғланади,” дедим. Маторни йиғган “Б” уста “А” устага қўнғироқ қилиб, матор тўғри йиғилганини тушунтирган, аммо “А” бунга ишонмай, бошқа “C” исмли устага маторни очдирган. Натижада, матор тўғри чиқиб, асл носозлик “калитр” (калит тешган жой) қисмида эканлиги аниқланган. Мен машинани олгач, “А” устага ва “C” устага алоҳида ҳақ тўладим. “C” уста эса маторни очиб-ёпгани учун яна қўшимча пул сўради. Унга: “Агар сиз бошида калитр тишланганини билганингизда, хизмат ҳақи қанча бўларди?” дедим. “Анча кам бўларди,” деди. Мен: “Унда маторни очиб-ёпганингиз ортиқча иш эмасми? Ахир маторда айб чиқмади-ку,” дедим. У эса: “Менинг вақтим кетди,” деб жавоб берди. Менимча, маторни очиш асоссиз бўлган, бу ҳолат усталарнинг эҳтиёткорлиги ва масъулиятини қайта кўриб чиқишни талаб қилади. Саволим: мен маторни очманг деб айтган бўлсам-да, “А” уста ўз ихтиёри билан уни очдириб, айб матор эмас, калитрда чиққан бўлса — бу ҳолда “А” ва “C” усталарнинг мендан хизмат ҳақи талаб қилиши шаръан тўғрими? Ҳурмат билан,
Шариатга кўра, сизнинг "маторни очманг" деган аниқ буйруғингизга қарамай, уста ўзбошимчалик билан уни очдиргани учун, бу ортиқча иш ҳақини тўлашга мажбур эмассиз. Ижара шартномасида буйуртмачининг рухсатисиз қилинган иш учун ҳақ талаб қилинмайди. "C" устага келсак, унга ишни буйурган "А" уста жавобгар бўлади ва унинг ҳақини ҳам ўша тўлаши лозим.