Айни пайтда карантин сабабли масжидларга, жамоат намозларига чиқишнинг имкони йўқ. Шунга телевизор ёки радиодан имомга иқтидо қилиб жамоат ёки жума намозини ўқиш жоизми?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Радио ёки телевизор орқали имомга иқтидо қилиб, жума ёки беш вақт фарз намозларини ўқиш дуруст эмас. Чунки, бу ҳолатда имомга иқтидо қилиш шартлари топилмайди. Ушбу шартлар ҳақида Ибн Нужайм раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ал-Ашбоҳ ван-назоир” китобларида шундай дейилган:
المانع من الاقتداء: طريق تمر فيه العجلة أو نهر تجري فيه السفن أو خلاء في الصحراء يسع صفين والخلاء في المسجد لا يمنع وإن وسع صفوفا لأن له حكم بقعة واحدة ( كتاب "الأشباه والنظائر" للإمام ابن نجيم الحنفي).
яъни: “Имомга иқтидо қилишга монеълик қилувчи нарса: имом билан иқтидо қилувчининг ўртасида арава сиғадиган йўл бўлиши ёки қайиқ сузадиган катта анҳор бўлиши ёки (масжид бўлмаган) очиқ жойдаги имом билан муқтадий ўртасида икки саф сиғадиган бўшлиқ бўлишидир. Аммо масжид ичида икки сафдан ортиқ бўш жой қолишининг зарари йўқ, чунки, масжиднинг ичи битта жой ҳисобланади ” (“Ал-Ашбоҳ ван-назоир” китоби).
Демак, йуқоридаги масаладан иқтидо дуруст бўлиши учун имом билан унга эргашувчининг макони битта бўлиши, яъни бир жойда туриши шарт қилинмоқда.
Бу ҳақда “Бадоеъус саноеъ” китобида қуйидаги матн келтирилган:
اتحاد المكان من شرائط صحة الاقتداء ليثبت اتحاد الصلاتين تقديرا بواسطة اتحاد المكان .(كتاب "بدائع الصنائع" للإمام أبو بكر الكاساني الحنفي)
яъни: (Имом билан иқтидо қилувчининг) битта жойда туриши иқтидони дуруст бўлиш шартларидандир. Чунки жой битта бўлиши воситасида гўё имом ва иқтидо қилувчининг намозлари ҳам бирлашиши йузага чиқади.
Бу мавзуда “Раддул муҳтор” китобида шундай дейилган:
وَإِنْ قَامَ عَلَى سَطْحِ دَارِهِ وَدَارُهُ مُتَّصِلَةٌ بِالْمَسْجِدِ لَا يَصِحُّ اقْتِدَاؤُهُ لِأَنَّ بَيْنَ الْمَسْجِدِ وَبَيْنَ سَطْحِ دَارِهِ كَثِيرَ التَّخَلُّلِ فَصَارَ الْمَكَانُ مُخْتَلِفًا (كتاب "رد المحتار" للإمام محمد أمين ابن عابدين الحنفي)
яъни: “Агар киши масжидга қўшилган ҳовлисида туриб, масжиддаги имомга иқтидо қилса, иқтидоси дуруст бўлмайди. Чунки, масжид билан ҳовлининг ўртасини ажратувчи нарсалар кўп. Натижада, имом билан иқтидо қилувчининг макони (битта бўлмасдан) турлича бўлиб қолади”.
Бу масала худди шу мазмунда “Фатовои Қозихон” ва “Хулосатул фатово” китобларида ҳам зикр қилинган.
Демак, йуқоридаги масалалардан ҳам имом ва муқтадийнинг намоз ўқиётган жойи битта бўлиши шарт экани маълум бўлмоқда.
Ҳакимул умма Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Мухтасар фил-фиқҳил ҳанафий” китобларида қуйидаги маълумотларни баён қилганлар:
للجماعة شروط لا تصح بدونها ومنها: اتحاد مكان الإمام والمأموم. سواء كان الإتحاد حقيقة بأن كانا في مسجد أو في بيت أو حكما بأن كان الإمام في جانب النهر وفوق النهر جسر وبعض المقتدين على الجسر وبعضهم على الجانب الآخر من النهر فالذين على الجانب الآخر من النهر: مكانهم ومكان الإمام غير متحد حقيقة لحيلولة النهر بينهم وبين الإمام ولكنه متحد حكما لأن الجسر فوقه صفوف فالصفوف متصلة بين الإمام وبينهم فبسبب اتصال الصفوف حكمنا بأن المكان متحد ( كتاب "المختصر في الفقه الحنفي" للإمام أشرف علي التهانوي الحنفي).
яъни: “Жамоат намозининг ўзига яраша шартлари бор. Улар топилмаса, жамоат дуруст бўлмайди. У шартларидан бири – имом ва иқтидо қилувчиларнинг бир жойда бўлишидир. Бир жойда бўлиш ҳақиқий бўлиши мумкин, масалан, имом ва иқтидо қилувчи бир масжид ёки хона ичида бўлиши каби. Яна бир жойда бўлиш ҳукман (гўё бир жойда тургандек ҳукмда) бўлиши мумкин, масалан, имом ариқнинг бир тарафида туради-да, ариқнинг устида кўприк бўлиб, баъзи иқтидо қилувчилар кўприкнинг устида саф тортган бўлади. Қолганлари ариқнинг бошқа тарафи (имом бўлмаган тарафи)дан туриб иқтидо қилади. Улар билан имомнинг ўртасини ариқ ажратиб тургани учун имом билан ҳақиқатан бир жойда туришипти дейилмайди, балки уларнинг ўрталарини кўприкни устида саф тортганлар улагани сабабли, ўртада ариқ бўлса-да имом билан ҳукман бир жойда турибти, деб ҳисоблаймиз”.
Демак, имом билан муқтадийлар ўртасида катта ариқ бўлса, агарчи имомни кўриб турсалар ҳам, саф узилиб қолгани учун намозлари дуруст бўлмайди. Демак, иқтидо қилиш учун имомни кўриб тиришни ўзи кифоя қилмайди. Лекин, ўрталарида кўприк бўлиб, кўприк орқали сафлар бир-бирига уланиб кетса, иқтидо қилувчиларнинг намозлари дуруст бўлади. Сабаби кўприк устидаги сафлар сабабли уларнинг жойи битта жой ҳукмини олади.
Радио орқали имомга иқтидо қилиш масаласига Миср муфтийси Шайх Али Жумъа ҳафизаҳуллоҳ шундай жавоб берганлар:
إن علماء المذاهب الأربعة يقولون بوجوب الاتصال لتصح الإمامة، والشخص الذي يتم نقل صلاته بالمذياع، يُصلي في مكان بعيد كل البُعد عن مكان المُصلين، بما يقطع الاتصال بين الإمام والمُصلين، فلا تصح الصلاة، أما إذا كان بُعد المُصلين عن الإمام على سبيل الكثرة حيث أنهم متصلين وممتدين إلى أبعد مكان، فإنه في هذه الحالة تصح صلاتهم
яъни: “Тўрт мазҳаб уламолари имомлик дуруст бўлиши учун иқтидо қилувчи билан имом бир жойда туришини шарт қилганлар. Энди намозини радио орқали тарқатаётган киши (яъни имом) унга иқтидо қилувчиларнинг жойидан жуда узоқда туради. Натижада, имом билан иқтидо қилувчиларнинг ўрталари узилади ва иқтидо қилувчиларнинг намозлари дуруст бўлмайди. Аммо, иқтидо қилувчилар қанча кўп ва имомдан қанча узоқда бўлса ҳам ўрталари узилмаган ва (сафлар) бир-бирига уланган бўлса, бундай ҳолатда иқтидо қилувчиларнинг намозлари дуруст бўлаверади”.
Хулоса қиладиган бўлсак, йуқоридаги фиқҳий китоблар ва уламоларимизнинг сўзларига биноан, иқтидо дуруст бўлиши учун имом ва иқтидо қилувчи бир жойда бўлиши шартдир. Радио ёки телевизор орқали имомга иқтидо қилишда эса бу шарт топилмайди.
Қолаверса, бунда шариатимизнинг жамоат намозидан кўзланган асл мақсади топилмай қолади. Чунки, жамоатдан кўзланган мақсад – кўпчилик мусулмонларни бир жойга жамлаш, улар ўртасида биродарлик ва иттифоқлик ғоясини тарғиб қилиш, ўзаро ҳамдард бўлиш каби бир қанча эзгу ишлардир. Ислом динининг аввалидан ҳозиргача шу қоидага ҳамма амал қилиб келган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.