Ассалому алейкум Аср ва Шом намоз вақти яқин қолганда таҳоратни тугатиш вақти мазий келса нима қилиш керак 5-6 марта таҳорат қилса ҳам мазий тухтамаса?
Бундай ҳолатда бавл қилиш ё бироз пиёда йуриш каби ишлар билан мазийни тўхтатишга ҳаракат қилинади. Мазий тўхтамаса, намозни охирги вақтларигача тўхташини кутади. Тўхтаса, таҳорат қилиб намоз ўқийди. Тўхтамаса, шу ҳолатда таҳорат қилиб ўқийди. Кейин шом намози вақти мобайнида ҳам мазий тўхтовсиз келса, яна шу ҳолатда таҳорат қилиб шом намозини ўқийди ва у соҳиби узр ҳисобланади. Аввал ўқиган аср намози ҳам дуруст бўлади. Кейин ҳар намоз вақти кирганда бир таҳорат қилиб ўқийди. Бу ҳақида “Мухтасарул-виқоя” китобида шундай дейилган:
ومن لم يَمضِ عليه وقتُ فرضٍ إلاَّ وبه حدَثٌ من استحاضةٍ أو رُعافٍ أو نحوِهما يتوضَّأُ لِوَقتِ كلِّ فرضٍ له ويُصلِّي به فيه ما شاء فرضاً ونفلاً ويَنقُضُه خروجُ الوقتِ كطلوعِ الشمس لا دخولُه كالزَّوالِ" “Кимга тўлиқ бир фарз намозининг вақти истиҳоза (касаллик қони), бурундан қон келиши ёки шуларга ўхшаш таҳоратни синдирувчи нарсалар билан ўтса, ҳар бир фарз намозининг вақти учун алоҳида таҳорат қилади ва ушбу таҳорати билан ўша намоз вақтида истаганича фарз ва нафл намозларини ўқийверади. Соҳиби узрнинг таҳоратини вақтнинг чиқиши бузади, масалан қуёш чиқиши каби. Вақтнинг кириши унинг таҳоратини бузмайди, масалан завол каби” (“Таҳорат боби”). Лекин мазий шом намози вақти орасида тўхтаса, таҳорат қилиб шомни ўқийди. Аср намозини ҳам таҳорат билан қайта ўқийди. Чунки бу одам соҳиби узр бўла олмади. Соҳиби узр бўлиши учун тўлиқ бир вақт намоз вақтини қамраб олиши керак. Намоз вақтининг бир қисмида нажосат келиб туриши билан соҳиби узр бўлмайди.