Таҳоратда мўйлов ва қошнинг остига сув теккизиш шарт бўладими?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ҳанафий мазҳабимизга биноан, таҳорат қилувчининг соқол, мўйлов, қош ва киприклари қалин бўлиб, остидаги териси кўринмайдиган даражада бўлса, уларни остига сув теккизиш шарт бўлмайди. Лекин мазкур туклар сийрак бўлиб, остидаги териси кўриниб турса, уларнинг остига сув теккизиш фарз бўлади. Бу ҳақида "Фатовои ҳиндия" китобида шундай дейилган:
وَيَغْسِلُ شَعْرَ الشَّارِبِ وَالْحَاجِبَيْنِ وَمَا كَانَ مِنْ شَعْرِ اللِّحْيَةِ عَلَى أَصْلِ الذَّقَنِ وَلَا يَجِبُ إيصَالُ الْمَاءِ إلَى مَنَابِتِ الشَّعْرِ إلَّا أَنْ يَكُونَ الشَّعْرُ قَلِيلًا تَبْدُو مِنْهُ الْمَنَابِتُ. كَذَا فِي فَتَاوَى قَاضِي خَانْ .
"Таҳорат қилувчи киши мўйлов, қош ва жағ йузасидаги соқолларини йувади ва ушбу тукларни остига сув теккизиши вожиб бўлмайди. Лекин туклар оз бўлиб, ости кўринадиган бўлса, унинг остини ҳам йувиш лозим бўлади. "Фатовои Қозихон" китобида ҳам шундай келган". Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.