Хуфтон намозининг тўртинчи ракаати охирида, “Аттаҳият”нинг ўрнига “Фотиҳа” сурасини ўқиб йубордим. Намоз бузиладими?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бу ҳолатда намоз бузилмайди. Агар мана шу хатони намоз ичида билиб қолса, саждаи саҳв билан хатосини тўғирлаш керак бўлади. Чунки аввалги қаъдада ҳам, охирги қаъдада ҳам "Ташаҳҳуд" (“Аттаҳияту”) дуосини ўқиш вожиб. Уни унутиб тўлиғича ёки баъзи қисмини ўқимаслик, саждаи саҳвни вожиб қилади. Бу ҳукм фарз, вожиб ва нафл намозларда бир хил. Бу ҳақида фиқҳий манбаларимизда шундай дейилади:
وَإِذَا قَرَأَ الْفَاتِحَةَ مَكَانَ التَّشَهُّدِ فَعَلَيْهِ السَّهْوُ
яъни: “Агар "Ташаҳҳуд"ни ўрнига "Фотиҳа" сурасини ўқиса, саждаи саҳв қилади” (“Фатавои ҳиндия” китоби, Саждаи саҳв боби) Саждаи саҳв ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун қуйидаги линкдан фойдаланинг: https://t.me/diniysavollar/235. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.