Намозда ташаҳҳуд учун ўтирганда суннатга мувофиқ қандай ўтирилади? Ҳар икки оёқни ётқизиладими ёки бирини ётқизиб, бирини тик қилинадими?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Намозхон иккинчи ракатнинг иккинчи саждасидан бошини кўтарганидан сўнг чап оёғини тўшайди ва унга ўтиради. Ўнг оёғини эса тик қилиб қўяди ва бармоқларини Қибла тарафга қаратади. Тўртинчи ракатдаги ўтириш ҳам шу каби бўлади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи ракатда иккинчи саждадан муборак бошларини кўтарсалар, чап оёқларини тўшаб унинг устига ўтирар эдилар, ўнг оёқларини тик тутган ҳолда, унинг бармоқларини Қиблага йузлантирардилар.
عَنْ ابْنِ حُجْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: "قَدِمْتُ الْمَدِينَةَ قُلْتُ لَأَنْظُرَنَّ إِلَى صَلَاةِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَلَمَّا جَلَسَ يَعْنِي لِلتَّشَهُّدِ افْتَرَشَ رِجْلَهُ الْيُسْرَى وَوَضَعَ يَدَهُ الْيُسْرَى يَعْنِي عَلَى فَخِذِهِ الْيُسْرَى وَنَصَبَ رِجْلَهُ الْيُمْنَى" (رواه الامام الترميذي)
яъни: Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини кўрай деб, Мадинага бордим. У Зот ташаҳҳудга ўтирсалар, чап оёқларини тўшар, чап қўлларини чап сонларига қўяр ва ўнг оёқларини тик қилардилар” (Имом Термизий ривоятлари).
Оиша разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ўтиришларини шундай сифатлаганлар:
"كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يستفتح الصلاة بالتكبير والقراءة بالحمد لله رب العالمين وكان إذا ركع لم يشخص رأسه ولم يصوبه ولكن بين ذلك وكان إذا رفع رأسه من الركوع لم يسجد حتى يستوي قائما وكان إذا رفع رأسه من السجدة لم يسجد حتى يستوي جالسا وكان يقول في كل ركعتين التحية وكان يفرش رجله اليسرى وينصب رجله اليمنى وكان ينهى عن عقبة الشيطان وينهى أن يفترش الرجل ذراعيه افتراش السبع وكان يختم الصلاة بالتسليم" (رواه الامام مسلم).
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам намозни такбир ва “Алҳамду лиллааҳи роббил аламийн”ни қироати билан бошлар эдилар. Қачон рукуъ қилсалар, бошларини кўтариб ҳам, тушуриб ҳам йубормас, балки шунинг ўртасида тутар эдилар. Қачон саждадан бошларини кўтарсалар, ростланиб ўтирмагунларича, сажда қилмасдилар. Ҳар икки ракатда “Ат-Таҳийёт”ни айтардилар. Чап оёқларини тўшаб, ўнг оёқларини тик тутар эдилар. Шайтон уқбасидан қайтарар эдилар ва кишининг йиртқич тирсакларини ерга тўшаганидек тўшашидан қайтарар эдилар. У Зот намозни салом билан тугатар эдилар” (Имом Муслим ривоятлари).
Ушбу ривоятдаги Оиша онамиз разияллоҳу анҳонинг “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар” дейишлари мутлақ бўлиб, бу У Зотнинг икки ташаҳҳудда шундай ўтиришларига далолат қилади. Чунки у киши ушбу ҳадисда ҳар икки ракатда машруъ зикрни баён қилиб, бунинг ортидан ўтириш кўринишини зикр қилмоқдалар. Аслида бу билан аввалги ҳолатни зикр қилиб, кейинги ҳолатни эсдан чиқариб қўяётганлари йўқ, балки аввалги ва кейинги ташаҳҳудларда ҳам худди шундай ўтирганликларини айтмоқдалар.
Ҳанафий мазҳабидаги машҳур фатво китобларидан ҳисобланган “Фатавои Ҳиндийя” китобида ҳам шундай баён қилинган.
وَإِذَا رَفَعَ رَأْسَهُ مِنْ السَّجْدَةِ الثَّانِيَةِ فِي الرَّكْعَةِ الثَّانِيَةِ افْتَرَشَ رِجْلَهُ الْيُسْرَى وَجَلَسَ عَلَيْهَا وَنَصَبَ الْيُمْنَى نَصْبًا وَوَجَّهَ أَصَابِعَهُ نَحْوَ الْقِبْلَةِ وَوَضَعَ يَدَيْهِ عَلَى فَخِذَيْهِ وَبَسَطَ أَصَابِعَهُ. كَذَا فِي الْهِدَايَةِ وَلَا يَأْخُذُ الرُّكْبَةَ هُوَ الْأَصَحُّ. كَذَا فِي الْخُلَاصَةِ وَإِنْ كَانَتْ امْرَأَةٌ جَلَسَتْ عَلَى أَلْيَتِهَا الْيُسْرَى وَأَخْرَجَتْ مِنْ الْجَانِبِ الْأَيْمَنِ. كَذَا فِي الْهِدَايَةِ.
яъни: “Намозхон қачон иккинчи ракатнинг иккинчи саждасидан бошини кўтарса, чап оёғини тўшайди ва унинг устига ўтиради. Ўнг оёғини эса тик қилиб қўяди ва бармоқларини Қибла тарафга қаратади. Икки қўлини бармоқларини ёзган ҳолда сонининг устига қўяди (яъни қўлни мушт қилиб олмайди). “Ҳидоя” китобида шундай дейилган. Қаъдада ўтирганда тиззасини ушламайди. “Хулоса” китобида ҳам шундай дейилган”.
Агар намозхон аёл киши бўлса, чап думбасига ўтиради ва икки оёғини ўнг тарафдан чиқаради. “Ҳидоя” китобида ҳам шундай зикр қилинган".
Чунки аёлларнинг мана шундай ўтириши улар учун авратларни янада яширувчироқдир. Бу ҳақида ҳанафий мазҳаби уламоларимиз бир қанча саҳобаи киромлардан ривоят қилинган саҳиҳ нақлларга суянганлар. Аллоҳ янада билувчидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.