ТАСБЕҲ НАМОЗИ ҲАҚИДА

ID: 8386

27.02.2026

606

Савол:

Тасбеҳ намози ҳақида маълумот берсангиз илтимос

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бу намоз машҳур нафл намозлар сирасига киради ва нафл намоз ўқиш мумкин бўлмаган вақтларда ўқилмайди. Тўрт ракат ўқилади. Икки ракатдан бўлиб-бўлиб, икки марта ҳам ўқиш мумкин. Чунки ҳар ракатда 75 та, тўрт ракатда 300 та тасбеҳ айтилиши керак. Зам сурада истаган сурани ўқиш мумкин. Агар билса, биринчи ракатга “Такосур”, иккинчига “Аср”, учинчига “Кофирун”, тўртинчига “Ихлос” сурасини ўқийди. Бу намознинг ўқилиш кайфиятини Аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ қуйидагича баён қилган: وَهِيَ أَرْبَعٌ بِتَسْلِيمَةٍ أَوْ تَسْلِيمَتَيْنِ ، يَقُولُ فِيهَا ثَلَثَمِائَةِ مَرَّةٍ { سُبْحَانَ اللَّهِ ، وَالْحَمْدُ لِلَّهِ وَلَا إلَهَ إلَّا اللَّهُ ، وَاَللَّهُ أَكْبَرُ } يَقُولُ ذَلِكَ فِي كُلِّ رَكْعَةٍ خَمْسَةً وَسَبْعِينَ مَرَّةً ؛ فَبَعْدَ الثَّنَاءِ خَمْسَةَ عَشَرَ ، ثُمَّ بَعْدَ الْقِرَاءَةِ وَفِي رُكُوعِهِ ، وَالرَّفْعِ مِنْهُ ، وَكُلٍّ مِنْ السَّجْدَتَيْنِ ، وَفِي الْجَلْسَةِ بَيْنَهُمَا عَشْرًا عَشْرًا بَعْدَ تَسْبِيحِ الرُّكُوعِ وَالسُّجُودِ ، وَهَذِهِ الْكَيْفِيَّةُ هِيَ الَّتِي رَوَاهَا التِّرْمِذِيُّ فِي جَامِعِهِ عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ الْمُبَارَكِ ، وَعَلَيْهَا اقْتَصَرَ فِي الْقُنْيَةِ وَقَالَ إنَّهَا الْمُخْتَارُ مِنْ الرِّوَايَتَيْنِ . “Тасбеҳ намози бир ёки икки салом билан ўқилиб, унда уч юз марта “Субҳаналлоҳи вал ҳамду лиллаҳи вала илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” ни айтади. Бир ракатда этмиш беш марта айтади. Қулоқ қоқиб санони ўқигандан кейин ўн беш марта айтади. Кейин “Аъузу”, “Басмала”, “Фотиҳа” ва зам сурани ўқигандан кейин ўн марта, рукуда ўн марта, рукудан қайтганда ўн марта, биринчи саждада ўн марта, саждадан қайтиб ўтирганда ўн марта, иккинчи саждада ўн марта айтилади. Мазкур тасбеҳни руку ва саждада “Субҳаана роббиял аъла” ва “Субҳаана роббиял азийм”ни айтгандан кейин ўн марта айтади. Бу кайфиятни Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Муборакдан ривоят қилганлар. “Қуня” китобида ҳам шу кайфият айтилган ва уламолар томонидан ихтиёр қилинган сўз мана шу деган” (“Раддул муҳтор” китоби). Мана шу тартибда тўрт ракат ўқилади ва жами уч юз тасбеҳ айтилган бўлади. Агар шу намозда саждаи саҳв вожиб бўлиб қолиб, саждаи саҳв қилса, мазкур саждада тасбеҳларни айтмайди, балки сажданинг ўзининг тасбеҳлари билан кифояланади. Агар қайсидир жойдаги тасбеҳни ташлаб кетган бўлса, бошқа ўринда бўлса ҳам ўшани ўқиб қўйилади. Масалан, биринчи саждадаги ўн тасбеҳни ўқимаган бўлса, орадаги жалсада эмас, иккинчи саждадаги тасбеҳларга қўшиб ўқиб қўяди. Бир қанча ҳадиси шарифларда тасбеҳ намози фазилатлари айтилиб, уни ўқиган инсон гуноҳлардан фориғ бўлиши, имкони бўлса ҳар куни, бўлмаса, ҳафтада, ойда, йилда, буни ҳам қила олмаса, умрда бир марта бўлса ҳам қилишга тарғиб қилинган. Тасбеҳ намозида тасбеҳлар ўқиш борасида бошқа кўринишлар ҳам бор. Кўпчилик уламолар маъқуллаган кўринишни келтиришни афзал деб билдик. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар