ТАСБЕҲ ИШЛАТИШДА РИЁКОРЛИК

ID: 2990

02.10.2025

48

Савол:

Ҳозирги кунда электрон тасбеҳлардан ҳамма фойдаланади. Менинг бир ўқитувчим тасбеҳимни кўриб "ҳамма ўзи учун зикр қилади, бунақа ҳаммага кўрсатиб йуриш керакмас, одамларни кўзи учун бўлиб қолади" дедилар. Тасбеҳ олиб йуриш мумкинмасми?

Жавоб:

Динимизда ҳар бир амал ниятга боғлиқдир. Агар кимдир тасбеҳни бошқалар уни "тақводор" деб мақташи учунгина олиб йурса, бу ният билан қилинган зикрдан фойда йўқ. Бу ҳақда Аллома Абдулҳай Лакнавий ўзларининг “Зийнатул фикр фи субҳатиз зикр” асарида шундай деганлар: «Агар тасбеҳни тутиш риёга (хўжакўрсинликка) олиб келса, ундан сақланиш лозимлигига шубҳа йўқ. Шунингдек, риёга сабаб бўладиган ҳар қандай нафл амалдан тийилиш вожибдир ва бу ҳақда баҳсга ўрин йўқ. Асл муҳокама, бу амал риё шубҳасидан холи бўлгандагина ўринлидир».

Бу сўзлардан кўринадики, асосий муаммо тасбеҳнинг ўзида эмас, балки уни ишлатишдаги ниятдадир. Агар ният холис Аллоҳ учун бўлса, тасбеҳ зикр саноғини аниқ ҳисоблаш ва фикрни жамлаш учун хизмат қиладиган фойдали воситадир. Электрон ёки оддий тасбеҳдан фойдаланиб, ёлғиз ҳолатда ҳам, одамлар орасида ҳам риёдан сақланган ҳолда зикр қилиш мумкин ва бунда ҳеч қандай монелик йўқ. Демак, амалингиз фақат Аллоҳ учун бўлса, уни бошқалар кўриши сизга зарар етказмайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар