YOUTUBE ТАРМОҒИ ОРҚАЛИ ПУЛ ТОПИШ

ID: 6632

27.01.2026

101

Савол:

мен 2д аниматсияси яни мултфилм коринишдаги видео ролик таёрлаб youtubega қойиб пул ишламоқчиман. Шу фаолиятим орқали топмоқчи болган пулим менга ҳалол боладими?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Кино ва мултфилм ишлаб чиқаришда компютер графикасидан фойдаланиш масаласида замонамиз уламолари турлича фикр билдирганлар. Баъзи уламолар шариатимизда инсонни, жонли нарсаларнинг суратини тўла ҳолда чизиш тақиқлангани эътиборидан уни жоиз эмас, дейишган. Ушбу уламолар ўз сўзларига Имом Муслим ва бошқа бир қанча муҳаддислар ривоят қилган расм чизишнинг мумкин эмаслиги борасидаги ҳадисларни далил қиладилар. Жумладан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида энг қаттиқ азобда бўладиган одамлар мусаввирлардир”, – деганлар. Бу мазмундаги ҳадислар кўплаб саҳобалар томонидан ривоят қилинган бўлиб, уларга кўра жонли нарсаларнинг суратини чизишга изн йўқлиги, одамлар ўша суратларни илоҳ қилиб олишлари хавфи борлиги, натижада эътиқодий бузилишлар юзага келиши айтиб ўтилган. Айниқса, жонли нарсаларнинг суратини чизишда инсон Аллоҳнинг яратганига ўхшатишга уриниш маъноси борлиги ҳадисларда очиқ таъкидланган. Шунингдек, замонамиздаги кўпчилик уламолари компютер графикасидан фойдаланиш жоиз эканига фатво берганлар. Ушбу уламоларнинг таъкидлашларича, компютер графикаси орқали яратилган сурат – фотосурат ва кинематографик суратлар кабидир. Зеро, буларнинг барчасида акс олиш ва уни электрон экранда намоён қилиш бор. Қолаверса, бунда инсон томонидан Аллоҳ таоло яратган нарсага ўхшатишга уриниш, ундай нарсаларга ибодат қилиш маъноси ҳам йўқ. Электрон фото худди ойнага акс тушгандек гап. Фақат бу эрда тасвирнинг акси ойнада забт бўлиб қолмайди, балки фотода забт бўлиб, уни қоғозга чиқариш мумкин бўлади. Мисрнинг фатво ҳамда Исломий тадқиқотлар уюшмасининг уламолар Кенгаши 2010 йил декабр ойида бўлиб ўтган ўн иккинчи мажлисида “Ислом аҳкомлари ва одобларини таълим беришда қўлланиладиган анимацион расмларнинг ҳукми”га доир 161-сонли Қарорини эълон қилган. Унда мусулмон ёшларни таълим-тарбияси ҳамда исломий маданиятини ривожлантиришда электрон расмларни яратиш жоиз экани таъкидланган. Хулоса қилиб айтганда, замонамизнинг кўпчилик уламолари эълон қилган фатво – компютер графикасидан фойдаланишнинг жоиз экани далил жиҳатдан қувватли ва замон руҳига мос саналади. Чунки ҳозирги пайтда динимиз душманлари томонидан компютер графикасидан кенг фойдаланган ҳолда оломонча маданиятини сингдириш учун тизимли ишлар амалга оширилаётган бир пайтда мусулмонлар томонидан динимиз меъёрларига тўла мос келувчи филм ва мултфилмлар яратиш бугунги куннинг заруратига айланмоқда. Айниқса, буюк ва намуна бўлган тарихий шахсларнинг ибратли ҳаёти, Исломдаги одоб-ахлоқ, таълим-тарбия, илм-фанга тарғиб ва эзгу ғояларни шакллантирувчи образларни яратиш ёшларимизнинг эътиқоди ва ахлоқ меъёрларини сақлаб қолишга хизмат қилади. Бундан топган пулингизга келсак, агар сайтда, (telegramm, Youtube, instagramm) фаҳш суратлар, видеолар, Аллоҳ ҳаром қилган ичкиликлар, тамаки маҳсулотлари ва инсон ҳаётига хавф соладиган нарсалар реклама қилинмаса, сайт орқали реклама бериб, пул топиш жоиз. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

яъни: «Езгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилинглар, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилманглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир» (Моида сураси, 2-оят).

Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, Шариатимизнинг ушбу ҳукми нафақат рекламалар эълон қилишингиз, балки, сайт юритишдаги фаолиятингизга ҳам тааллуқлидир. Валлоҳу аълам!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар