ТАНАГА ЎРНАТИЛГАН СЕНСОР ВА ҒУСЛ

ID: 5483

25.12.2025

66

Савол:

Ассалому алайкум мен яқиндан қондаги қанд миқдорини автоматик аниқлаб турадиган сенсордан фойдалана бошладим. Бу сенсор ўлчами 1000 сўмлик тангадек бўлиб, махсус мослама ёрдамида қўлнинг билак қисмига, терининг устки қисмига ўрнатилади. Бунда сенсордаги игна мушак ичига киради, сенсорни ўзи терига ёпишиб қолади. Шу холатда сенсор 14 кун давомида туради, ва қондаги қанд миқдорини хар бир минутда ўлчаб, блуетоотҳ орқали телефонга узатиб туради. Хозирда сенсорларнинг турли моделлари мавжуд, масалан либре, сибиониcс, аидех. Сенсор кўчириб олинса, қайта ўрнатиб бўлмайди. Саволим шундан иборатки, шу холатда, яъни сенсор ўрнатилган холатда ғусл ўтадими? Чунки сенсор тагига сув кирмайди.

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шариатнинг умумий қоидасига кўра, таҳорат аъзолари (юз, қўл, бош ва оёқ)га сувни этказиш фарз амал саналади. Аллоҳ таоло айтади: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلَاةِ فَاغْسِلُوا وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُوا بِرُءُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَيْنِ “Ей, имон келтирганлар! Намоз (ўқиш)га турар экансиз, албатта, юзларингизни, қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўпиқларигача (ювингиз)!” (Моида сураси, 6-оят).

Агар жароҳат устига бирор нарса боғланса ёки синган жойга тахтакач қўйилса, унинг устидан масҳ тортиш мумкин бўлади. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, боши ёрилган бир киши эҳтилом бўлиб қолиб, ғусл қилади, жароҳатидан сув кириб, вафот этади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бунинг хабари этганда, У Зот: “Жароҳатига бирор латтани сиқиб (ёки боғлаб) олиб, таяммум қилиши, жароҳат устига масҳ тортиб, қолган аъзоларини ювиши кифоя эди”, дейдилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Беморнинг қонидаги қанд миқдорини ўлчайдиган, қўлга ёпиштириб олинадиган, терига ўхшаш жиҳознинг ҳукмига келсак, агар беморнинг ҳолати – қонидаги қанд миқдори кескин пасайиб, тўсатдан ҳушидан кетишга олиб келадиган, бемор ҳаётига хавф туғдирадиган ўткир кўринишда бўлса, мазкур мослама жабира ҳукмида бўлади. Ундан фойдаланиш зарурат бобидан ҳисобланади. Зеро, жонни сақлаш бешта заруратдан бири бўлиб, уни муҳофазаси шаръан вожиб саналади. Уламолар: "مَا لَا يَتِمُّ الوَاجِبُ إلَّا بِهِ فَهُوَ وَاجِبٌ" “Вожиб амал нима нарса билан мукаммал бўлса, ўша нарса ҳам вожибдир”, дея таъкидлаганлар. Қондаги қанд миқдоридан тезкор хабардор бўлиб туриш – беморга тўғри ташхис қўйиш ва даволаш имконини беради. Шунинг учун ғусл ёки таҳорат пайтида жиҳоз устидан масҳ тортиш жоиз бўлади. Қондаги қанд миқдорини кўтарилиб-тушишини даволашда тезкор ташхис лозим бўлмаган ҳолатларда мазкур мосламани терига ёпиштириб олиб, унинг устига масҳ тортишда шаръий узр йўқ. Шунинг учун таҳорат ёки ғусл пайтида уни олиб ташлаш керак бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар