ТАВБА НАМОЗИ

ID: 310

04.04.2025

898

Савол:

Истиғфор намози қандай намоз ва қайси тартибда ўқилади?

Жавоб:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Истиғфор деган намоз йўқ, балки тавба намози бор. Киши бирор гуноҳ иш қилиб қўйса, таҳорат олиб икки ракат намоз ўқиши сўнг ортидан гуноҳига надомат қилиб, намозида чин қалбдан тавба қилиб, иккинчи бу гуноҳни қайта қилмасликка қатъий аҳд қилса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳини мағфират қилади.

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис эшитсам, Аллоҳ менга ундан Ўзи хоҳлаганича нафъ берадиган одам эдим. У зотнинг саҳобаларидан бири менга ҳадис айтса, мен ундан (гапи тўғрилигига) қасам ичишни талаб қилар эдим. Агар у қасам ичса (гапини) тасдиқ қилар эдим. Ҳолат шу бўлдики, менга Абу Бакр бир ҳадис айтди. Зотан у содиқдир: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қайси бир одам гуноҳ қилиб қўйиб, сўнгра туриб, таҳорат қилиб намоз ўқиса, кейин Аллоҳга истиғфор айтса, албатта, Аллоҳ уни мағфират қилади», деганларини эшитдим. Сўнгра у зот: «Улар қачон фаҳш иш қилсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, Аллоҳни эсларлар ва гуноҳларига истиғфор айтурлар» оятини қироат қилдилар», деди».

Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 

Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар