СУРА ЎҚИШ ТАРТИБИ

ID: 3633

26.10.2025

36

Савол:

Намоз вақтида “Ал-Фотиҳа” сурасидан кейин ўқиладиган иккинчи сурада, бир оятдаги маълум сўзларни 2–3 марта такрорлаб, сўнг давом эттириш жоизми? Масалан, “Ан-Наба” сурасининг 36-оятига (جَزَاءً مِنْ رَبِّكَ عَطَاءً حِسَابًا) келганимда, аввал “جَزَاءً مِنْ رَبِّك” деб, кейин оятни бошидан “جَزَاءً مِنْ رَبِّكَ عَطَاءً حِسَابًا” деб ўқисам, бу ҳолат жоиз бўладими?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Фарз намозларида бир оятни ёки унинг бир қисмини қасддан такрорлаш макруҳ саналади, аммо узр ёки унутиш сабабли бўлса, зарари йўқ. "Фатовои Оламгирия"да бу ҳақда шундай дейилган:

وَإِذَا كَرَّرَ آيَةً وَاحِدَةً مِرَارًا فَإِنْ كَانَ فِي التَّطَوُّعِ الَّذِي يُصَلِّي وَحْدَهُ فَذَلِكَ غَيْرُ مَكْرُوهٍ وَإِنْ كَانَ فِي الصَّلَاةِ الْمَفْرُوضَةِ فَهُوَ مَكْرُوهٌ فِي حَالَةِ الِاخْتِيَارِ وَأَمَّا فِي حَالَةِ الْعُذْرِ وَالنِّسْيَانِ فَلَا بَأْسَ. هَكَذَا فِي الْمُحِيطِ.

«Агар бир оятни бир неча бор такрорласа, бас, агар ёлғиз ўқиётган нафл намозида бўлса, унда бу макруҳ эмас. Аммо фарз намозида бўлса, унда қасддан бўлса макруҳдир. Аммо узр ва унутиш ҳолатида бўлса, зарари йўқ. "ал-Муҳит" китобида шундай дейилган».

Хулоса шуки, сиз келтирган ҳолат, яъни оятни қайта бошлаш агар фарз намозда ва қасддан қилинган бўлса макруҳ, лекин намозни бузмайди. Агар унутиб шундай қилган бўлсангиз ёки нафл намозда бўлсангиз, бунинг зарари йўқ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар