Бутилкали сувларнинг қопқоғи остидаги сон орқали 3-4 киши ўйин ўйнаб, кичик чиққан сон эгаси ҳаммага сувнинг пулини тўлаб бериши тўғрими? Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бундай қилиш жоиз эмас. Чунки бунда бир кишининг зарар кўриши эвазига бошқалар фойда кўрмоқда. Бу айни қимордир. Зеро, ҳар бир ўйинда ўртага пул тикилиб ёки мол қўйилиб, мағлубнинг молини ғолиб олиб кетадиган бўлса, у қимор ҳисобланади. Маълумки, Ислом динида қимор қаттиқ қораланган ва гуноҳи кабиралардан биридир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
Яъни: «Ей иймон келтирганлар! Албатта, хамр (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз». (Моида сураси, 90-оят). Валлоҳу аълам.