СПОРТ ЁКИ МАШҚ МАҚСАДИДА БАЛИҚ ОВЛАШ МУМКИНМИ?

ID: 633

04.04.2025

74

Савол:

Ижтимоий тармоқ орқали "Исломда спорт учун балиқ овлаш тавсия этилмаган, балки бу макруҳ амал ҳисобланади", деган гапни ўқиб қолдим. Шу гапнинг шариатимизга кўра асоси борми?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Шариатимиз кўрсатмаларига кўра, машқ ёки спорт мақсадида балиқ овлангандан кейин овланган балиқдан овчини ўзи ёки бошқалар манфаат кўрса, бу ов тури жоиздир. Аммо овланган балиқдан ҳеч ким фойда олмаса ва овланган балиқ ташлаб кетилса, бу турдаги овлаш макруҳ ҳисобланади. Бу ҳақида "Мавсуатул фиқҳийя" китобида шундай дейилган:

وَيُكْرَهُ الصَّيْدُ إِذَا كَانَ الْغَرَضُ مِنْهُ التَّلَهِّيَ وَالْعَبَثَ ؛ لِقَوْلِهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : (لاَ تَتَّخِذُوا شَيْئًا فِيهِ الرُّوحُ غَرَضًا) رواه مسلم

яъни: "Овлашдан мақсад ўйин-кулгу бўладиган бўлса макуҳдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жони бор нарсани нишон қилманглар" деганлар" (Имом Муслим ривоятлари).

Бу мавзуда "Фатовои Татархонийя" китобида шундай дейилган:

قَالَ أَبُو يُوسُفَ : إذَا طَلَبَ الصَّيْدَ لَهْوًا وَلَعِبًا فَلَا خَيْرَ فِيهِ وَأَكْرَهُهُ ، وَإِنْ طَلَبَ مِنْهُ مَا يَحْتَاجُ إلَيْهِ مِنْ بَيْعٍ أَوْ إدَامٍ أَوْ حَاجَةٍ أُخْرَى فَلَا بَأْسَ بِهِ

яъни: "Абу Йусуф раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: "Агар овлашдан мақсад ўйин-кулгу бўлса, унда яхшилик йўқдир ва мен уни хуш кўрмайман. Агар овлашдан мақсад сотиш, истеъмол қилиш ва шу каби фойдали нарсалар бўлса ундай овлашнинг зарари йўқдир". Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар