СОЧ ОЛДИРМАЙ ЭҲРОМДАН ЧИҚСА

ID: 272

04.04.2025

151

Савол:

Эҳромдаги киши тавоф ва саъй қилганидан кейин соч олдиришни унутиб қўйиб, тикилган кийим кийиб қўйса, унга нима лозим бўлади?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Бундай ҳолатда зиёратчи амалларни бажарган бўлсада, соч олдирмай туриб эҳромдан чиқа олмайди. Шунинг учун бундай ҳолатда Ҳарам ҳудудига қайтиб (агар чиқиб кетган бўлса) эҳромини қайтадан кийиб, сочини олдиради ёки қисқартиради. Ушбу масаланинг қуйидагича тафсилоти мавжуд: Эҳромдаги киши тавоф ва саъйни бажариб бўлгач яъни амалларни тўлиқ бажариб, лекин соч олдирмасдан туриб тикилган кийим кийган бўлса ва шу ҳолатда бир кун (ўн икки соат) ёки бир кеча (ўн икки соат) тўлиқ ўтмасдан сочини олдирган ёки қисқартирган бўлса, унинг зиммасига садақаи фитр ёки унинг миқдорича пулни садақа қилишлиги лозим бўлади. Агар бир кун ёки бир кеча ўтгандан сўнг сочини олдирган ё қисқартирган бўлса у ҳолда мазкур зиёратчига Ҳарам ҳудудида бир қўй сўйиши вожиб бўлади. “Иршодус сорий” китобида қуйидагича келтирилган:

"فإذا لبس مخيطًا يومًا كاملًا أو ليلةً كاملةً فعليه دم، و في أقلّ من يوم (أي مقدار نهار و لو ينقص ساعةً) أو ليلة صدقة، (وهي نصف صاع من بر) و كذا لو لبس ساعةً (أي نجومية و هي جزء من أجزاء إثني عشر حالة اعتدال الليل و النهار) فصدقة  باب الجنايات، النوع الأول في حكم اللبس، ص: ٤٢٤- ٤٢٦،

“Агар зиёратчи бир кун ёки бир кеча тўлиқ тикилган кийим кийган бўлса, унинг зиммасига қон вожиб бўлади. Агар бир кундан (бир соат бўлса ҳам) озроқ бўлса, (ярим сў буғдой ёки унинг қийматини) садақа қилишлиги лозим бўлади. Гарчи озгина вақт кийган бўлса ҳам”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар