Ассалому алайкум. "Салотун нария"ни неча кунда ўқиб тугатиш керак?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. “Солатун нария” салавоти Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда келмаган. Аммо бу мазкур салавотни ўқиб бўлмайди, деган хулоса келтириб чиқармайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш энг улуғ амаллардан ҳисобланади. Бунда киши ўзи истаган салавотни ўқиши мумкин. Жумладан, “Солатун нария” салавотини ҳам. Уламоларнинг тажрибаларига кўра, ушбу салавотни яхши бир нарсани ният қилиб 4444 марта ўқилса, Аллоҳнинг изни билан мақсад ҳосил бўлиши умид қилинади. Бизнинг юртларда бу салавотни кўпроқ бошга мусибат тушганда ўқиш йўлга қўйилган. Иложи бўлса, озроқ муддатда ўқиган яхшироқ. Аммо инсон ўз имконияти ва вақтига қараб, бу ададни бир неча кун ичида бўлиб ўқиши жоиз. Асосий шарт ўқиш жараёнида қалбнинг ҳозир бўлиши, ихлос ва дуо ижобат бўлишига қатъий ишонишдир. Валлоҳу аълам.