Совуқ кунларда совуқ сувда таҳорат қилиш ўрнига таяммум қилса бўладими?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Совуқ кунларда совуқ сувда таҳорат қилиш ўрнига иссиқ сувда таҳорат қилиш керак. Ҳозирги замонда сувни иситиш катта муаммо эмас. Бу борада хулоса сўз совуқ сабабли таҳоратсиз киши таяммум қилиши жоиз бўлмайди.
Бу ҳақида “Ал-Фатово ҳиндия” китобида шундай дейилган:
وَإِذَا خَافَ الْمُحْدِثُ إنْ تَوَضَّأَ أَنْ يَقْتُلَهُ الْبَرْدُ أَوْ يُمْرِضَهُ يَتَيَمَّمُ. هَكَذَا فِي الْكَافِي وَاخْتَارَهُ فِي الْأَسْرَارِ لَكِنَّ الْأَصَحَّ عَدَمُ جَوَازِهِ إجْمَاعًا كَذَا فِي النَّهْرِ الْفَائِقِ وَالصَّحِيحُ أَنَّهُ لَا يُبَاحُ لَهُ التَّيَمُّمُ.كَذَا فِي الْخُلَاصَةِ وَفَتَاوَى قَاضِي خَانْ
яъни: “Таҳоратсиз киши таҳорат қилса, совуқдан ўлиши ёки касал бўлишидан қўрқса, таяммум қилади, “Ал-Кофий” китобида шундай келган. “Ал-Асрор” китобида ҳам шуни ихтиёр қилинган. Лекин асаҳ (тўғриси) совуқ сабабли таҳорат ўрнига таяммум қилиш жоиз эмаслигидир. Бунга уламоларимиз ижмў қилишган, “Ан-Наҳрул-фоиқ” китобида шундай келган. Саҳиҳ қавл шуки, таҳоратсиз кишига совуқ сабабли таяммум мубоҳ (дуруст) бўлмайди, “Ал-Хулоса” ва “Фатово Қозихон” номли китобларда шундай дейилган” (“Таҳорат” китоби, “Таяммум” боби).
Лекин жунуб кишининг совуқ кунда ғусл ўрнига таяммум қилиши масаласи бироз ўзгача. Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳнинг “Бадоиъус саноеъ” китобида шундай дейилади:
أجنب في ليلة باردة يخاف على نفسه الهلاك لو اغتسل ولم يقدر على تسخين الماء ولا على اجرة الحمام في المصر اجزأه التيمم في قول أبى حنيفة وقال أبو يوسف ومحمد ان كان في المصر لا يجزئه
яъни: “Киши совуқ кечада жунуб бўлиб, ғусл қилса ҳалокатига сабаб бўлишидан хавф қилса ва сувни иситиш имкони бўлмаса, шунингдек, шаҳар ҳаммомининг тўловига ҳам қодир бўлмаса, Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг қавлига биноан мазкур киши таяммум қилиши жоиз бўлади. Имом Абу Йусуф ва Имом Муҳаммадлар эса: агар шаҳар ҳудудида бўлса, таяммум қилиши жоиз бўлмайди деганлар...”
Совуқ кунда жунуб киши таяммум қилиш жоиз бўлиши учун совуқлик даражаси йуқори бўлиб, инсон ҳаётига ёки саломатлигига хавф туғдирадиган даражада бўлиши ва иссиқ сув топиш имкони бўлмаслиги лозим. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.