Уйланишимда маҳр деган нарсани билмаганман ва тушунмаганман буни менга ҳеч ким айтмаган. Никоҳ вақтида домла айтган экан мен бунга эътибор бермаган эканман. Натижада маҳр бермаганман. Ҳолат шундайки! Келишиб яшолмадик, қисқаси иккимизда ҳам бирга яшашимизга ҳеч қандай истак бўлмади! Ажрашдик, талоқ сўзини айтганман. Энди маҳр деган нарсани муҳим эканлигини билдим. Энди мен қандай йўл тутаман? Фарзандимиз бор, 4 йил яшадик. Мен маҳрни қандай адо қиламан?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Маҳр белгиламай уйланиш ҳақида Мухтасарул Қудурий китобида шундай дейилади: "Аёлга маҳр белгиламай ёки аёлга маҳр йуқ, деб уйланса, аёлга қўшилиши (ё у билан жимо қилишга ҳамма имкониятлар ҳозир бўлиб хилватда қолиши) ёки эр-хотинни бири вафот этиши билан аёлга "маҳри мисл" берилади..."
"Маҳри мисл" (бошқаларнинг маҳрига тенглаштирилган маҳр)нинг қиймати аёлнинг опа-сингиллари, аммалари, аммаларининг қизлари (яъни, отасининг қавми)га қараб эътиборга олинади. Онаси ва холасининг маҳрига қаралмайди. Фақат онаси отасининг қавмидан бўлса, уни эътиборга олинади. "Маҳри мисл"да (қиёсланадиган) икки аёл ёш, чирой, мол, ақл, дин, шаҳар ва вақт (яна бокиралик, илм, одоб ва чиройли хулқ)да баробар бўлиши эътиборга олинади". ("Мухтасарул Қудурий", "Лубоб фи шарҳил китоб" китоби Никоҳ боби).
Демак, аёлингизга ота томондан ҳар томондан тенг бўлган қизларга қанча маҳр берилган бўлса, сиз ҳам собиқ аёлингизга шунча маҳр берасиз. Шу билан зиммангиздаги қарздан қутиласиз. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.