Бир одам менга сирка ичиб туриш яхши деб айтди. Айтингчи, сирка ҳақида динимизда нима дейилган?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Одатда сирка uzum, олма ва бошқа мевалардан тайёрланадиган ичимлик бўлиб, истеъмоли ҳалол нарсадир. Сирка ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Шулардан бири Имом Термизийнинг “Шамоил”ларида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисдир. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
نعم الادام الخل
“Сирка қандаям яхши нонхуруш (нонга қўшиб ейиладиган нарса)дир” деганлар.
(شمائل ترمذي باب ما جاء في صفة ادام رسول الله صلي الله عليه و سلم)
Шунинг учун сирка ичиб туриш бир томондан еган таомимизни ҳазм бўлишида ёрдам берса, иккинчи тарафдан у билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини бажарган бўлар эканмиз. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.