САЛОМГА АЛИК ОЛИШ

ID: 3828

01.11.2025

153

Савол:

Саволим шундан иборатки, мен устозимга бирор савол ёзиш учун аввал салом бериб савол ёзаман. Устозим эса саломимга алик олиб менга ҳам салом бериб саволимнинг жавобини ёзади. Мен шунда устозимнинг саломига ёзиб алик олишим шартми? Яъни устозимга алик олиб ёзиб йуборишим шартми

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Турли мессенжерлар (telegram, ватсап ва бошқа иловалар) ва электрон почта ёки SMS хизматлари орқали ёзилган саломларга оғзаки алик олиш вожиб бўлади. Ёзма равишда алик олиб, жавоб қайтариш мустаҳаб саналади. Бу борада Аллома ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: (قَوْلُهُ وَيَجِبُ رَدُّ جَوَابِ كِتَابِ التَّحِيَّةِ) لِأَنَّ الْكِتَابَ مِنْ الْغَائِبِ بِمَنْزِلَةِ الْخِطَابِ مِنْ الْحَاضِرِ مُجْتَبًى وَالنَّاسُ عَنْهُ غَافِلُونَ ط .أَقُولُ : الْمُتَبَادَرُ مِنْ هَذَا أَنَّ الْمُرَادَ رَدُّ سَلَامِ الْكِتَابِ لَارَدُّ الْكِتَابِ. яъни: “Мактуб орқали келган саломга алик олиш вожиб бўлади. Чунки ғоиб кишидан келган мактуб гўёки ёнида турган кишининг оғзаки хитоби кабидир (“Мужтабо” китоби). Одамлар эса бунга бепарводирлар. Шунга кўра айтаманки, мактуб орқали келган саломга оғзаки алик олиш вожиб бўлади, ёзма жавоб қайтариш эмас” (“Раддул-муҳтор” китоби). Шунингдек, “Кувайт фиқҳ энтсиклопидяси”да ушбу масала тафсилот билан зикр қилинган: ﻭﻛﺬا ﻟﻮ ﺑﻠﻐﻪ ﺳﻼﻡ ﻓﻲ ﻭﺭﻗﺔ ﻣﻦ ﻏﺎﺋﺐ ﻭﺟﺐ ﻋﻠﻴﻪ ﺃﻥ ﻳﺮﺩ اﻟﺴﻼﻡ ﺑﺎﻟﻠﻔﻆ ﻋﻠﻰ اﻟﻔﻮﺭ ﺇﺫا ﻗﺮﺃﻩ. ﻭﻗﺪ ﻭﺭﺩ ﻓﻲ اﻟﺼﺤﻴﺤﻴﻦ ﻋﻦ ﻋﺎﺋﺸﺔ - ﺭﺿﻲ اﻟﻠﻪ ﻋﻨﻬﺎ - ﻗﺎﻟﺖ: ﻗﺎﻝ ﻟﻲ ﺭﺳﻮﻝ اﻟﻠﻪ - ﺻﻠﻰ اﻟﻠﻪ ﻋﻠﻴﻪ ﻭﺳﻠﻢ: ﻫﺬا ﺟﺒﺮﻳﻞ ﻳﻘﺮﺃ ﻋﻠﻴﻚ اﻟﺴﻼﻡ، ﻗﺎﻟﺖ: ﻗﻠﺖ: ﻭﻋﻠﻴﻪ اﻟﺴﻼﻡ ﻭﺭﺣﻤﺔ اﻟﻠﻪ . ﻭﻳﺴﺘﺤﺐ ﺃﻥ ﻳﺮﺩ ﻋﻠﻰ اﻟﻤﺒﻠﻎ ﺃﻳﻀﺎ ﺑﺄﻥ ﻳﻘﻮﻝ: ﻭﻋﻠﻴﻚ ﻭﻋﻠﻴﻪ اﻟﺴﻼﻡ “Шунингдек, бир кишига ғоиб – бошқа жойдаги одамдан мактубга ёзилган салом етиб келса, унга ўқиган заҳоти дарҳол сўз орқали алик олиш вожиб бўлади. Зеро, “Икки саҳиҳ тўплам”да ворид бўлган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Жаброил фаришта сенга салом айтмоқда”, деб айтдилар. Мен айтдим: “У зотга ҳам Аллоҳнинг саломи ва раҳмати бўлсин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Ушбу ҳолатда саломни етказувчига ҳам: “Сизга ва унга ҳам салом бўлсин”, каби иборалар билан алик олиш мустаҳаб саналади” Бугунги кундаги мессенжерлар (telegram, ватсап ва бошқа иловалар) ва электрон почта ёки SMS хизматлари орқали ёзилган саломлар ҳам – мактубда ёзилган салом билан ҳукми бир хил. Шунга кўра, ғоиб одамдан келган салом хоҳ ёзма равишда бўлсин, хоҳ бирор элчи орқали бўлсин, уни қабул қилган кимса дарҳол оғзаки алик олиши вожиб бўлади ва шунинг ўзи кифоя қилади. Лекин ёзма равишда алик олиб, жавоб қайтарса, янада зиёда ажру савобга эга бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар