САЖДАДА ИККИ ТОВОННИ БИР-БИРИГА ТЕККИЗИБ ТУРИШ

ID: 685

04.04.2025

12

Савол:

Намозда сажда ҳолатида икки товонни бир-бирига теккизиб туриш Ҳанафий мазҳабида қандай амал?

Жавоб:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

فقدت رسول الله صلي الله عليه و سلم و كان معي علي فراشي فوجدته ساجدا راصا عقبيه مستقبلا باطراف اصابعه القبلة  (صحيح ابن خزيمة)

“Бир кеча Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни ўринда йўқотиб қўйдим. Изласам, қўлим оёқларининг остига тегди, у зот саждада эканлар, икки оёқ бармоқлари қиблага йузланган ҳолда бир бирига ёпишиб, тик турган экан”. Мана шу ҳадисни далил қилиб, баъзи уламолар сажда ҳолатида товонларни бир-бирига теккизиб туриш суннат, деганлар. Аммо, Ҳанафий мазҳаб уламолари жумладан Мавлоно Абдулҳай Лакнавий ўзларининг “Ас-сиъоя фи кашфи ма фи шарҳи Виқоя” номли китобларида бу масалага батафсил тўхталиб ўтиб, ниҳоясида сажда ҳолатида товонларни бир-бирига теккизиб туриш суннат эмаслигини баён қилганлар.

 والقول الفیصل، أن یقال إن کان المراد بإلصاق الکعبین أن یلزق المصلي أحد کعبیہ بالآخر․․․ فلیس ھو من السنن علی الأصحّ (السعاية في كشف ما في شرح الوقاية)

“Хулоса шуки, агар товонларни бир-бирига теккизишдан намозхон бир тўпиғини бошқасига теккизиб туриши ирода қилинган бўлса, асаҳ сўзга кўра бу суннатлардан эмас”.

Мавлоно Абдулҳай Лакнавий ўз сўзларини қувватлаш учун Имом Байҳақий раҳимаҳуллоҳ Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларини келтирадилар:

كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا رَكَعَ بَسَطَ ظَهْرَهُ وَإِذَا سَجَدَ وَجَّهَ أَصَابِعَهُ قِبَلَ الْقِبْلَةِ فَتَفَاجَّ. یعني وسّع بین رجلیہ ( رواه البيهقي)

“Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам руку қилганларида белларини текис тутардилар ва сажда қилсалар иккала оёқларини бир-биридан ажратган ҳолда бармоқларини қиблага йузлантирардилар” (Имом Байҳақий ривояти).

Мавлоно Абдулҳай Лакнавий йуқоридаги ҳар икки ҳадис саҳиҳ бўлса-да, бироқ, сажда ҳолатида эркакларнинг товонларни бир-биридан ажратиб туришлари суннатга мувофиқ эканлигини айтадилар. Чунки, эркак кишининг саждаси ҳақида келган кўп ҳадисларда намоз ўқувчининг мўътадил, аъзолари очиқ ҳолда сажда қилишилиги зикр қилинган.

عن انس رضي الله عنه عن النبي صلي الله عليه و سلم قال: اعتدلوا في السجود ولا يبسط احدكم ذراعيه انبساط الكلب (رواه البخاري)

“Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саждада мўътадил бўлинглар. Бирортангиз ҳам билагини итга ўхшаб ёймасин”, дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Абдуллоҳ ибн Буҳайна разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, икки қўлларини очиб қўяр эдилар. Ҳатто, қўлтиқларининг оқи зоҳир бўлар эди” дейилган. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Шу эътибордан фақиҳлар саждада товонлар ораси очиқ ҳолда туриши суннатга мувофиқ эканлигини таъкидлаганлар. Қолаверса, Оиша онамизнинг ҳадислари жузъий ҳолат бўлиб, доимий ва умумий ҳолат эмаслиги, доимий ва умумий ҳолатга Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳунинг ҳадислари тўғри келишини баён қилганлар (“Ас-сиъоя фи кашфи ма фи шарҳи Виқоя” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар