САДАКА

ID: 3795

31.10.2025

81

Савол:

Саволим шундан иборатки, Аллоҳ таолонинг ёрдами ва ўзимизнинг ҳаракатларимиз билан уй, машина олдик. Қизим ҳам грант асосида ўқишга кирди. шуларга шукрона сифатида бир жонлиқ сўйиб эҳсон қилишни ният қилган эдим. Шу жонлиқни пулини садақа қилсам ҳам бўладими ёки сўйишим шартми?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Агар Сиз фалон ишларим битса, фалон нарсаларга эришсам жонлиқ зиммамга вожиб бўлсин деган бўлсангиз бу назр бўлади. Назр қилинганида қандай феъл айтилган бўлса (рўза тутиш, намоз ўқиш, жонлиқ сўйиш каби) шу феълни бажариш шарт бўлади. Бордийу, шунчаки қалбингизда ният қилиб, лафз билан айтмаган бўлсангиз ёки йуқорида айтилганидек фалон ишларим битса деб бирор ишга боғламаган бўлсангиз бу назр бўлмайди.Чунки ният қилиб қўйишнинг ўзи билан ибодат зиммага вожиб бўлиб қолмайди. Агар шу куни рўза тутишни назр қилдим ёки назрни ифодалайдиган сўзлар билан айтган бўлсангиз, ана шунда назрга айланади ва тутиб бериш лозим бўлади. Қолаверса, назрни қалб билан қилинмайди, балки тилда айтиш лозим. Фиқҳий манбаларимизда бу борада маълумотлар берилган: فركن النذر هو الصيغة الدالة عليه وهو قوله: لله عز شأنه علي كذا، أو علي كذا، ونحو ذلك “Назрнинг рукни назрга далолат қилувчи сийғада бўлишидир. “Аллоҳ учун зиммамга шу иш лозим бўлсин”, “Зиммамга шу иш лозим бўлсин” каби назрни ифодаловчи сўзлар бўлиши лозим. (“Бадоеъус саноеъ” китоби). "لأن المعول عليه في النذر هو اللفظ... فلا يكفي في ذلك النية وحدها بدونه." “Назрдаги асосий нуқта лафздир. Шунга кўра назр қилишни лафзда айтмай, қуруқ ният қилишнинг ўзи кифоя қилмайди”. (“Ал-Мавсуъа ал-фиқҳийя” китоби). Демак, Сизнинг мақсадингиз ва ҳаракатларингиз назр қоидаларига мувофиқ келса назр бўлади ва жонлиқни сўйишга мажбур бўласиз. Агар назр қоидаларига мувофиқ келмаса жонлиқни қийматини садақа қилишингиз ҳам мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар