САВОЛ

ID: 3390

17.10.2025

88

Савол:

Ассалому алайкум. Асрнинг 2 та вақти бор экан, биринчисида соя танадан 1 баробар катта булса, иккинчисида 2 баробар катта булиши керак экан. Биз танадан соя 1 баробар катта булганда ҳам уқисак буладими?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Ҳанафий мазҳаби бўйича аср намозининг вақти борасида икки хил қараш бор:

  1. Аср вақти Қуёш заволдан оққандан кейин соя икки баробар бўлганда киради. Ушбу қарашга мазҳабимиздаги фатво берилган бўлиб, кўпчилик машойихлар ихтиёр қилишган.

  2. Аср вақти Қуёш заволдан оққандан кейин соя бир баробар бўлганда киради. Буни Имом Абу Йусуф ва Имом Муҳаммадлар айтишган. Имом Абу Ҳанифа ҳам ушбу гапни айтганлари ривоят қилинган. Имом Таҳовий "Мухтасар"да, Тароблусий "Бурҳон"да, Шурунбулолий "Дуррул мухтор"нинг ҳошиясида ушбу фатвони ихтиёр қилишган.

Бошқа мазҳаб уламолари ҳам соя бир баробар бўлганда аср вақти киради, дейдилар. Бу ҳақда Аллома Ҳаскафий шундай дейдилар: Шунинг учун икки ҳарамда мазкур сўзларга амал қилган ҳолда аср намозини жамоат билан ўқиш мумкин.

( وَوَقْتُ الظُّهْرِ مِنْ زَوَالِهِ إلَى بُلُوغِ الظِّلِّ مِثْلَيْهِ ) وَعَنْهُ مِثْلَهُ ، وَهُوَ قَوْلُهُمَا وَزُفَرَ وَالْأَئِمَّةِ الثَّلَاثَةِ .

"Пешиннинг вақти қуёш оққандан бошлаб, ҳар нарсанинг сояси аслий соясидан бошқа ўзининг икки баробари бўлгуничадир. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бир соя баробар бўлгунича деган ривоят ҳам бор. Имомайн, Имом Зуфар ва уч мазҳаб соҳиблари ҳам бир баробар бўлгунча деганлар" (Раддул муҳтор).

Агар бирор киши икки Ҳарам масжидларидан бирида намоз ўқишга тўғри келса соя бир бўлганида ҳам жамоат билан ўқиш мумкин. Ҳадиси шарифларда икки ҳарамда ўқилган намозларнинг фазилати кўплаб келгани ва ушбу муборак жойларда ихтилоф қилмаслик зарурати сабабли йуртдошларимиз аср намозини жамоатга иқтидо қилган ҳолда ўқишлари мумкин. Бу билан Имом Абу Йусуф ва Имом Муҳаммад раимаҳуллоҳларнинг фатво берган ҳамда айрим машойихларимиз ихтиёр қилган фатвога амал қилган ҳисобланадилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар