Ассалому алайкум. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламни ота оналари кофир ҳолида улганми?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аҳли сунна вал жамоанинг кўпчилик уламолари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ота-оналари "фатрат замони" – икки пайғамбар келган пайт ўртасидаги узилиш даврида ўтганлар дейдилар. Аллоҳ таоло “Исро” сурасида шундай марҳамат қилган:
مَّنِ اهْتَدَى فَإِنَّمَا يَهْتَدي لِنَفْسِهِ وَمَن ضَلَّ فَإِنَّمَا يَضِلُّ عَلَيْهَا وَلاَ تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ أُخْرَى وَمَا كُنَّا مُعَذِّبِينَ حَتَّى نَبْعَثَ رَسُولاً
яъни: «Ким ҳидоятга йурса, ўзи учунгина ҳидоятга йурадир. Ким залолатга кетса, ўзи учунгина залолатга кетадир. Ҳеч бир йукли жон ўзганинг йукини кўтармас. Токи расул йубормагунимизча, азобловчи бўлган эмасмиз» (15-оят).
Ушбу ояти карима расул йуборилмаганлар азобланмас-лигига қатъий далолат қилмоқда. Ҳазрати Исо алайҳиссалом ва Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлик даврлари оралиғида яшаб ўтган инсонлар “фатрат аҳли” – узилиш даврида яшаганлар, деб номланади ("Тафсири Олусий" китоби).
Аллоҳ таоло Моида сурасида Пайғамбарлар ўртасидаги узилиш даврига ишора қилиб шундай дейди:
يا أَهْلَ الْكِتَابِ قَدْ جَاءَكُمْ رَسُولُنَا يُبَيِّنُ لَكُمْ عَلَىٰ فَتْرَةٍ مِّنَ الرُّسُلِ أَن تَقُولُوا مَا جَاءَنَا مِن بَشِيرٍ وَلَا نَذِيرٍ (19)
яъни: "Ей аҳли китоблар! Сизларнинг: "Бизларга на башоратчи ва на огоҳлантирувчи (пайғамбар) келмади" деганингиз учун сизларга Расулимиз (олдинги) пайғамбарлардан бир муддат ўтгач, баён этувчи бўлиб келди" (19-оят).
Ушбу оятдаги "пайғамбарлардан бир муддат ўтгач" иборасининг тафсирини машҳур тобеин Заҳҳок раҳимаҳуллоҳ: "Исо ва Муҳаммад алайҳимуссалом ўртасидаги узилиш тўрт йуз ўттиз йилдан ортиқроқ бўлган", деганлар ("Тафсири Табарий" китоби).
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар”да ушбу масалага тўхталиб “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ота-оналари куфрда вафот этмаганлар”, – деганлар. Ўтган асримизнинг машҳур муҳаққиқ олимларидан бири Шайх Муҳаммад Зоҳид Кавсарий раҳимаҳуллоҳ “Фиқҳул акбар”нинг қадимий ва ишончли нусхаларидан бирида:
وابوا النبى صلى الله عليه وسلم ماتا على الفطرة
яъни: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ота-оналари фитрат (исломий табиат)да вафот этганлар”, — дейилганини таъкидлаганлар.
Имом ас-Суҳайлий, Муртазо Забидий, Шайх ал-Қирофий каби кўплаб олимлар бу ҳақида алоҳида китоблар ёзишган. Айниқса, Жалолиддин Суйутий бир эмас, учта рисола тасниф қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ота-оналари нажот топувчилардан эканликларига батафсил тўхталиб ўтганлар.
Умуман олганда баъзи муҳаққиқ уламолар ушбу масалани фақат одоб билан зикр қилиш лозимлигини таъкидлашган. Чунки буни билмаслик мўмин бандага зарар қилмайдиган, қабрда ёки Қиёматда сўралмайдиган масалалардан саналади ("Раддул муҳтор" китоби). Тавфиқ Аллоҳдан.