Ассалому алейкум. Савдодаги маҳсулотларга динимизда қанча фоиз яни устига қанча нарх қўйиб сотиш керак?
Ваалайкум ассалом. Ислом шариатида савдодаги фойданинг муайян бир чегараси белгиланмаган. Савдонинг асосий шарти ўзаро розилик тамойилига қурилишидир.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда келадики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Урва ибн Жаъд розияллоҳу анҳуга бир динор бериб, қўй олиб келишни буйурадилар. У зот бир динорга иккита қўй сотиб олиб, йўлда биттасини бир динорга сотадилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир қўй ва бир динор олиб келадилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг бу савдосига барака тилаб дуо қиладилар.
Шунингдек, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу 170 мингга сотиб олган ерини кейинчалик 1 миллион 600 мингга сотгани ҳақида ҳам ривоятлар бор.
Хулоса шуки, фойда миқдори бозор нархи ва томонларнинг ўзаро розилигига боғлиқ. Лекин бунда сотувчи алдов, товламачилик ва харидорнинг жоҳиллигидан фойдаланиш каби ҳаром йўллардан сақланиши ҳамда бозордаги вазият, харидорнинг ҳолидан келиб чиқиб, инсоф, бағрикенглик ва мурувватни унутмаслиги лозим. Валлоҳу аълам.