"AMAZON"DA САВДО ҚИЛИШ ЖОИЗМИ?

ID: 461

04.04.2025

70

Савол:

Ҳозирги кунда amazon интернет бозорида Ўзбекистонлик савдогарлар учун ҳам савдо қилиш имконияти пайдо бўлди. Саволим қуйидагича. Мен ўз ҳисобимдан товар сотиб оламан лекин у товарни суратини кўраман халос. Товар омборга бориб тушади ва ҳаридор сотиб олади. Қизиғи шундаки мен сотаётган товаримни ҳам ҳаридорни ҳам кўрмайман. Шундай савдо қилиш жоизми?

Жавоб:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Киши сотиб олган молини ҳали қўлига олмай туриб бошқага сотмаслиги лозим. Чунки, молни қўлга олишдан аввал сотиш ва ундан фойдаланиш шаръан жоизмас.

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган

لَا تَبِعْ مَا لَيْسَ عِنْدَكَ (رواه الترمذي)

яъни: “Ўзингда бўлмаган нарсани сотма” деган ҳадисга биноан шариатда ман қилингандир. Шунингдек, Имом Аҳмад ва Имом Абу Довудлар Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

فإن رسول الله صلى الله عليه و سلم نهى أن تباع السلع حيث تبتاع حتى يحوزها التجار إلى رحالهم

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Савдо моллари сотилган жойида токи тожирлар ўз молига қўшиб олмагунча қайтадан сотилмас”, деганлар.

Сиз айтган ҳолатда агар сотиб олинган товарни  сотиб олувчи ёки унинг вакили қўлига олса, сўнг бу товарни сотиш жоиз бўлади. Агар сотиб олувчи ёки унинг вакили товарни қўлига олмайдиган бўлса, сотиш жоиз эмас. Сотишдан олдин сотиб олинган нарсани қўлга олиш шарт. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар