Ассалому алайкум. Рўза вақтида ополаскивател (оғиз чайқаш воситаси) билан оғиз чайиб ташласа бўладими? Албатта, эҳтиёт бўлиб, ичга ўтказмасдан.
Ваалайкум ассалом. Рўзадор ҳолатда оғиз чайқаш воситаларидан фойдаланиш, гарчи суюқликни эҳтиёткорлик билан ичга ютиб юбормаган тақдирингизда ҳам, макруҳи танзиҳий саналади. Мазҳабимизнинг мўътабар китобларидан бири «Фатовои Оламгирия»да бундай ёзилган:
وَكُرِهَ ذَوْقُ شَيْءٍ، وَمَضْغُهُ بِلَا عُذْرٍ
«Узрсиз бирор нарсани татиб кўриш ва чайнаш макруҳдир».
Шунинг учун, рўзанинг савобини камайтирмаслик ва хатога йўл қўймаслик мақсадида бундай воситалардан фақат ифтордан сўнг ёки саҳарлик вақтида фойдаланганингиз маъқулдир. Валлоҳу аълам.