Ассалому алайкум. Саволим шундан иборатки:Россияда ишлайдиган биродарларимиз ишлари ҳақида. Бир киши ўзи уста. Одамлар фақат ундан сўрайди ишини қилиб берадиган одам бор йўқлигини.Ўша уста иш топиб бергани учун иш ҳақини 10 фоизини олади. Шу тўғрими. Жавоб учун олдиндан раҳмат
Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ. Иш топиб бергани учун бир марталик ҳақ олса, жоиз бўлади. Чунки даллоллик эвазига ҳақ олишни фуқаҳоларимиз жоиз дейишган. Аммо “Сен шу ерда қанча ишласанг, ҳар ойлигингдан менга шунчадан бериб турасан”, деб, ҳар ой ҳақ олиши мутлақо ҳалол бўлмайди. Зеро унинг хизмати иш топиб бериш билан якунига етган бўлади. Ундан кейин оладиган пули ҳеч бир эвазсиз (меҳнатсиз) олинган бўлади. Бу эса унга ҳалол бўлмайди. Лекин иш топиб бераётган шахс бошқага ёрдам бериш, ишсиз юрганнинг ҳожатини чиқариш мақсадида пул олмасдан шу ишни қилса, катта ажрга эга бўлади. Валлоҳу аълам.