Ҳозирги кунда кўплаб жойларда сунъий ҳовузлар ташкил қилиниб, овлаш учун балиқлар ташланмоқда. Ушбу ҳовузларга кириш учун маълум миқдорда пул тўланади. Кирган кишиларнинг айримлари балиқ тутади, айримлари эса умуман тутолмай чиқиб кетади. Бу иш шаръан ҳалол ҳисобланадими?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Агар икки томон шу келишувга рози бўлса, кўл эгаси мижозларнинг балиқ овлашлари учун қандайдир тўсиқлар қўймаса, масалан, балиқ йўқ жойни кўрсатиб, шу жойда тутасизлар демаса, жоиз бўлади. Чунки бу ижара келишуви ҳисобланади. Ижарада бир томондан манфаат, бошқа томондан шу манфаат учун тўлов берилади. Бу ҳолатда бир нарсани эсдан чиқармаслик лозим: кўл эгаси мижознинг балиқ тута олмаслиги учун, мижоз сифатида келувчилар эса кўпроқ балиқ тутиш учун ҳийла, алдов қилмасликлари лозим. Валлоҳу аълам.