Ассалому алайкум. Мен полиграфия ва реклама маҳсулотлари соҳасида фаолият юритаман. Баъзи маҳсулотларни бир неча хил хомашё ва ускуналардан фойдаланиб тайёрлаб берамиз ёки бозордан тайёр маҳсулот сотиб олиб, унга логотип ёпиштириб ёхуд ўзгартириш киритиб этказамиз. Маҳсулот тури кўплиги ва буюртмалар миқдори ҳар хил бўлгани учун уларни олдиндан захира қилиб қўймаймиз. Буюртма бўлса, олдиндан 10 фоиздан 70 фоизгача миқдорда заклад оламиз. Сабаби, маҳсулотга исм ёки логотип туширилгандан кейин мижоз уни олмаса, бошқага сота олмаймиз. Ўзимизда йўқ маҳсулот ёки хомашё учун олдиндан пул олишимиз жоизми? Шунингдек, баъзи ҳолларда хомашё ва ускунамиз йўқлиги сабабли мижоздан буюртма ва заклад олиб, маҳсулотни бошқа корхоналарда тайёрлатиб берсак бўладими? Бундан ташқари, дизайн хизматларини нолдан яратиб бериш учун ҳам олдиндан ҳақ олишнинг ҳукми қандай?
Ваалайкум ассалом. Сизнинг фаолиятингиз шариатда «истиснў», яъни ишлаб чиқаришга буюртма бериш ва хизмат кўрсатиш битимларига киради.
Бундай битимларда иш бошлашдан аввал маҳсулот ёки хомашё қўлингизда бўлиши шарт эмас. Олдиндан ҳақ олиш жоиз.
Агар мижоз ишни «шахсан ўзингиз бажарасиз» деб шарт қўймаган бўлса, буюртмани бошқа ҳамкорларингизга тайёрлатиб беришингиз мумкин.
Олинган пулга «келишув бузилса куйиб кетадиган заклад» сифатида қаралмаслик, балки уни аванс сифатида қабул қилиш лозим. Валлоҳу аълам.