ОТА РУХСАТИСИЗ НИКОҲЛАНИШ

ID: 2429

06.09.2025

209

Савол:

Ассалому Алейкум Мен чет элда бошқа миллат ва дин вакиласи билан танишим дўстлашиб қолдим ва вақт ўтгач, мен унга Аллоҳ изни билан Ислом динини ўргатдим ва у қиз христиан динидан Ислом динига ўтди ва ҳозирда, Алҳамдулиллаҳ, намоз ўқий бошлади. Аммо ҳозирда у бошқа давлатда қариндошлари билан яшайди ва улар унинг Ислом динини қабул қилганлигини маъқуллашмаяпти, улар қаршилик ва зулм ўтказишмоқда. Мен уни Аллох учун яхши кўрдим, кўнглим бор. Лекин Отам розилик бермаяпти, у ҳозирги кунларда асабий ва қарори қатъий. Онам рози, аммо отамдан қўрқаяпти ва менинг бир мақсадим у қизни Аллоҳ изни билан чақириб зулмдан қутқариб никоҳимга олмоқчиман Кечалари Истихора намозини ўқидим. Биринчи кеча рад жавоб олганга ўхшадим, лекин кейин ҳар хил яхши маънодаги тушлар, аммо аниқ жавоб йўқ. Ҳозирда бошим қотган у қизни чақириб сирли равишда никоҳимга олиб бироз вақт ўтгач Отамга айтганим маъқулми ёки Отам хоҳлаган қизга уйланайми? Отамнинг асосий қаршилиги шундан иборатки, "қўни-қўшни нима дейди, у сени алдаб худди рол ўйнагандек Ислом динини ниқоб қилиб олмоқчи" дейди. Шу масалага нима дейсизлар? Жавоб учун раҳмат Оллоҳ барокотларидан улашсин

Жавоб:

Бу ўта нозик ва масъулиятли масала бўлиб, унда ҳиссиётларга берилмасдан, шариат ва ақл тарозусига солиб иш тутиш талаб этилади. Дарҳақиқат, отангизнинг тажрибаси ва ҳаётий кўрсатмалари муҳим аҳамиятга эга. Отангизнинг бу қизнинг самимиятига шубҳа билан қараши, сизга бўлган меҳри ва келажагингиз учун қайғураётганидан далолат беради. Шунинг учун отанинг розилигини олиш, уларнинг кўнглини топишга ҳаракат қилиш фарзанднинг бурчидир. Шошма-шошарлик билан, яширинча никоҳ қуриш кўпинча ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатларнинг бузилишига, оилавий низоларга ва кейинчалик афсус-надоматга сабаб бўлиши мумкин.

Истихора намозини давом эттиринг, зеро Аллоҳ таоло Ўзидан ёрдам сўраган бандасини ёлғиз қўймайди. Шу билан бирга, ота-онанинг розилиги – худонинг розилиги эканлигини унутманг. Агар барча уринишларга қарамай, отангиз қатъий қарорида турса, уларнинг сўзига қулоқ солиш сиз учун хайрлироқ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар