ОТА РОЗИ ХУДО РОЗИ

ID: 3361

16.10.2025

179

Савол:

Ассалому алайкум устозлар. Саволим бор эди. Халқ орасида "Ота рози Худо рози" деган гап бор. Отаси оиласини ёшликда ташлаб кетиб, умуман хабар олмаса, фарзандлар шунда ҳам отасини рози қилиши керакми? Умуман, "Ота рози Худо рози" деган гап бўйича бирор саҳиҳ ҳадис ёки оят борми? Жавоб учун олдиндан раҳмат. Аллоҳ барчамиздан рози бўлсин!

Жавоб:

Ҳақиқатан ҳам, халқимиз орасидаги "Ота рози – Худо рози" деган нақлнинг асли саҳиҳ ҳадисга бориб тақалади. Муқаддас динимиз ота-онага яхшилик қилишни энг улуғ амаллардан бири сифатида белгилаган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: «Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!» (Исро сураси, 23-оят). Бу оятдаги буйруқ мутлақ бўлиб, ота-онанинг қандай инсон эканига боғланмаган. Яъни, улар ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда ҳам, фарзанднинг уларга яхшилик қилиш бурчи соқит бўлмайди.

Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббнинг розилиги отанинг розилигидадир. Роббнинг ғазаби отанинг ғазабидадир», деганлар (Имом Термизий ривояти). Ушбу ҳадис отанинг розилигини топиш Аллоҳнинг розилигига эришишнинг асосий воситаларидан бири эканини очиқ-ойдин кўрсатади.

Шу билан бирга, шариатимизда фарзанднинг ота-онага итоати чексиз эмаслиги ҳам баён қилинган. Уламолар иттифоқига кўра, агар ота-она фарзандни гуноҳга, яъни Аллоҳга осий бўлишга буйурса, бу ҳолатда уларга итоат қилинмайди. Чунки Яратувчига маъсият бўладиган ишда яратилганга итоат йўқ. Бироқ, бу итоатсизлик уларга қўполлик қилиш ёки алоқани узишга баҳона бўла олмаслигини унутмаслик керак. Ота-она гуноҳга буйурса, чиройли услубда узр айтилади, лекин уларга нисбатан қилинадиган бошқа яхшиликлар, моддий ва маънавий кўмак давом эттирилиши лозим. Сизнинг ҳолатингизда, отангиз ўз вақтида оталик бурчини адо этмаган бўлса-да, бу унинг сиздаги ҳаққини йўққа чиқармайди. Унинг қилган хатолари учун Аллоҳ ҳузурида ўзи жавоб беради, аммо сизнинг унга яхшилик қилишингиз эса ўзингиз учун улкан ажр ва Аллоҳнинг розилигига сабаб бўладиган амалдир.

Хулоса қилиб айтганда, отанинг ёшликда оиласини ташлаб кетгани ва фарзандларига бепарво бўлгани унинг катта хатоси ва гуноҳидир. Лекин бу ҳолат фарзанддан отани ҳурмат қилиш ва унга яхшилик қилиш мажбуриятини соқит қилмайди. Фарзанд отасининг ўтмишдаги хатоларини йузига солмасдан, имкони борича алоқани тиклашга, ҳолидан хабар олишга ва розилигини топишга ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқдир. Бу, аввало, фарзанднинг ўзи учун Аллоҳнинг розилигини топиш йўлидаги бир синов ва улкан ажр-савоб эшигидир. Зеро, фарзанднинг вазифаси отанинг хатосини муҳокама қилиш эмас, балки ўзига йуклатилган бурчни адо этишдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар