Ассалому алайкум! Тақдир инсон она қорнидалик пайтида, 121 кунлик бўлганида 4 нарса ёзилар экан. Шундан бири бахтли ёки бахтсиз бўлиши эканини эшитган эдим. Агар инсонга бахтсиз бўлиши ёзилган бўлса, умри фақат бахтсизликда ўтадими? Буни ўзгартирса бўладими? Шу мавзуни батафсил тушунтириб берсангиз.
Ваалайкум ассалом. Сиз эшитган ҳадиси шарифда зикр қилинган «бахтсиз» ёки «бахтли» бўлиш охиратдаги оқибатга, яъни жаннатий ёки дўзахий бўлишга далолат қилади. Бироқ, ақида уламоларимиз айтадиларки, тақдирдаги бу битик бандани мажбурловчи ҳукм эмас, балки Аллоҳ таолонинг азалий илми билан банда умри давомида ўз ихтиёрини қандай ишлатишини олдиндан билишидир. Аммо, амаллар хотимага боғлиқдир. Яъни, инсон ҳаёти давомида бадбахтлардан бўлиб, гуноҳ ишлар қилса-да, Аллоҳнинг раҳмати ва тавба сабабли умрининг охирида солиҳ амаллар қилиб, бахтлилар қаторида вафот этиши мумкин.
Шунинг учун ҳам тақдирга битилганидан қўрқиб, ноумид бўлиш ярамайди, чунки дуо тақдир ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин. Ҳатто Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам: «Аллоҳим, агар мени бадбахт деб ёзган бўлсанг, уни ўчиргин ва бахтлилар қаторига ёзгин. Сен хоҳлаган нарсангни ўчириб, хоҳлаган нарсангни собит қилурсан», деб дуо қилардилар. Демак, мўмин киши «пешонамга ёзилганини ўзгартира олмайман» деб ноумид бўлмаслиги, балки доимо Аллоҳдан гўзал хотима ва бахт-саодат сўраб, эзгу амалларда бардавом бўлиши лозим. Валлоҳу аълам.