ОНА ВА БУВИГА НАМОЗДА ИМОМЛИК ҚИЛИШ

ID: 4033

08.11.2025

135

Савол:

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Намоз билан боғлиқ бир нечта саволларим бор эди, илмимни оширишда ёрдам берсангиз: 1. Аксарият ҳолларда уйда аёлим билан жамоат бўлиб намоз ўқийман. Жамоат намозининг савоби катта эканлигини инобатга олиб, аёлимнинг бундан бебаҳра қолишини истамадим. Уйда онам ва бувим ҳам биз билан бирга яшайдилар, улар билан ҳам жамоат бўлиб ўқигим келяпти. Уларнинг ёшлари улуғ ва намозни мендан олдин бошлаганликлари, балки мендан кўра бу борада илмлироқ эканликлари бунга таъсир қиладими? Агар мумкин бўлса, онам, бувим ва аёлим ортимда бирор муайян тартибда туришлари керакми? Айтайлик, кимдир ўнгда, кимдир олдинроқ ёки орқароқ... Шу тўғрисида тўлиқроқ маълумот берсангиз. 2. Саждаи саҳв қай тартибда амалга оширилишини китобларда ўқиб бироз тушунмадим. Саждадан сўнг аттаҳиётни, сўнг икки саловат ва дуо айтиб, сўнг бир елкага салом бериб саждаи саҳв қиламанми? Ёки охирги ракат саждасидан сўнг дарҳол ўнг елкамга салом бериб, яна сажда қиламанми? Шуни бироз тушуна олмадим. 3. Жамоат намозида имом Оятал Курсий ва тасбеҳ айтса, бу эргашганларга ҳам айтган ҳисобига ўтадими ёки улар ҳам ўзлари айтишлари керакми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!

  1. Албатта, аёлингиз, онангиз ва бувингиз билан жамоат бўлиб намоз ўқишингиз жоиз ва бунинг савоби якка ўқилган намоздан улуғдир. Уларнинг ёши ёки илми сизга иқтидо қилишига монелик қилмайди. Фиқҳга кўра, имом, яъни сиз олдинда турасиз, аёлингиз, онангиз ва бувингиз эса жамоат бўлиб, сизнинг ортингизда бир сафда турадилар. Уларнинг сафда ўзаро қай тартибда туришининг аҳамияти йўқ. Муҳими, саф текис бўлиши ва аёллар имомнинг орқасида бўлишларидир.
  2. Саждаи саҳв қилиш тартиби қуйидагича:
  • Охирги қаъдада ташаҳҳуд ўқигандан кейин ўнг томонга салом берилади;
  • сўнгра икки марта сажда қилинади;
  • саждадан қайтиб ташаҳҳуд, салавот ва дуо ўқилади;
  • сўнгра икки тарафга салом бериб намоз тугатилади.
  1. Намоздан кейинги ушбу зикрларни ҳар ким ўзи айтади. Имомнинг бу зикрларни айтиши унга эргашганларга кифоя қилмайди. Имом аҳён-аҳёнда баланд овозда атрофдагиларга эшиттириши жамоатга эслатиш учундир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар