Ассалому алайкун саволим шундан иборат халқимизда шундай гап бор онасига қараб қизини ол деган бу гап динда қанчалик тогри ҳар доим ҳам она ахлоқсиз болса қиз ҳам шунақа боладими
Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Аввало шуни айтиш керакки, бу ибора оят ёки ҳадис ёки диний ҳукм ёки шариат қоидаси эмас, балки халқ тажрибасидан келиб чиққан умумий кузатувдир. Она фарзанд учун энг яқин тарбиячи ва намуна бўлгани сабабли, аксар ҳолларда қизлар онасидан кўп нарсани ўрганади. Бу ибора ана шу маънодан келиб чиқиб айтилган. Лекин бу гапни ҳамма ҳолатга татбиқ қилиш тўғри эмас. Чунки Ислом динида ҳар бир инсон алоҳида шахс ҳисобланади ва ўз қилган амали учун ўзи жавоб беради. Айрим ҳолларда яхши ота-онадан ноқобил фарзандлар туғилиши ёки аксинча ёмон кишиларнинг фарзанди солиҳ инсон бўлиб этишиши ҳам мумкин. Масалан, Нуҳ алайҳиссаломнинг фарзанди кофир бўлган бўлса, Али розияллоҳу анҳунинг отаси Абу Толиб кофир бўлган. Бу эса шуни кўрсатадики, инсоннинг ахлоқи фақат ота-онага боғлиқ эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аёл тўрт нарса учун никоҳланади: моли учун, насаби учун, жамоли учун ва дини учун. Сен диндорини танлагин, қўлинг тупроққа қорилгур», дедилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Бу ҳадисдан билинадики: никоҳда энг асосий мезон қизнинг ўзи қандай инсон эканидир, фақат онасига ёки оиласига қараб ҳукм чиқариш тўғри эмас. Аммо бегона қизнинг иймон эътиқоди, тақво ва диндорлик даражасини аниқлаш осон иш эмас. Қизнинг ҳолатини била олмаган киши унинг оиласидагилар, хусусан онасига қараб тахминий хулоса қилиши мумкин. Халқимиздаги мазкур мақол шу маънода айтилган. Шу билан бирга, бу тахминий хулоса хато бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Валлоҳу аълам.