ОНАГА ОҚ БЎЛИШ

ID: 4291

18.11.2025

130

Савол:

Ассалому алайкум. Менинг саволим: она боласини оқ қилса, битта уйда туриб ҳам гаплашмаса, ўғил онани сўкиб, қўл кўтарса, бунинг ҳукми қандай?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Бу қилмиш ўта оғир жиноят ва ҳалокатли гуноҳдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота-онага ҳатто «уфф» дейишни ҳаром қилган бир пайтда, онани сўкиш ва унга қўл кўтаришнинг касофати тасаввур қилиб бўлмас даражада улкандир. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онага оқ бўлишни Аллоҳга ширк келтиришдан кейинги энг катта гуноҳ деб таъкидлаганлар.

Шу боис, бу инсон зудлик билан бу разолатдан тийилиб, Аллоҳ таолога чин дилдан насуҳ тавба қилиши, қаттиқ пушаймон бўлиб, онасининг оёғига йиқилиб бўлса ҳам кечирим сўраши ва қолган умрини унинг розилигини олишга бағишлаши шарт. Акс ҳолда бу инсон икки дунёда ҳам хор бўлиш хавфи бор. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар