Аел канчада ота онасиникига бориши керак
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аёлнинг эри олдидаги мажбуриятлари бўлгани каби, эрнинг ҳам аёли олдида мажбуриятлари бор. Шулардан бири маълум муддатда аёлига ота-онасини кўргани боришига рухсат беришидир. Эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўта нозик масалалардан бири бўлгани учун фуқаҳолар буни чуқур ва атрофлича таҳлил қилганларидан кейин, ҳолатни иккига бўлиб жавоб берганлар: Агар ота-она қизини кўришга келишга имконияти йўқ бўлса, эр аёлига ота-онасини кўргани боришга ҳафтада бир марта рухсат беради. Агар ота-она қизини кўришга кела оладиган бўлса, урфда одамлар орасида жорий бўлган одатга қараб, вақти-вақти билан ота уйига юборади. Чунки буткул юбормай қўйиш силаи раҳмни узишга олиб келади. Бу ҳолатда аёлнинг уйи яқин ёки узоқда, бошқа шаҳарда бўлишига ҳам қаралади. Чунки узоқ жойга ҳафтада, ҳатто ойда бир марта бориш ҳам катта харажат талаб қилади. Шунинг учун урфда одамлар орасида жорий бўлган одатга қараб иш кўрилади. Оиланинг узоқ йил тинч-тотув давом этиши икки томоннинг бир-бирини тўғри тушуниб яшашига боғлиқ бўлади. Ҳақ талаб қилиш орқали оила узоқ умр кўрмайди, таназзулга юз тутади. Аёлнинг оиладаги вазиятни ҳисобга олмай, “Отам-онамдан воз кечишим керакми”, деб берухсат кетиб қолиши ёки эрнинг рухсат бермаслиги ёхуд қайнонанинг аралашуви, “Бу уйда менинг айтганим бўлади” демоқчи бўлгандай келинга тўсқинлик қилиши катта жанжалларга олиб боради. Шунинг учун келин вазиятга қараб рухсат сўраши, эр ҳам аёлининг олдидаги бурчини ҳис қилган ҳолда юбориб туриши лозим бўлади. Валлоҳу аълам.