НОМАҲРАМ АЁЛ-ҚИЗЛАРГА ҚАРАШНИНГ ҲУКМИ

ID: 805

04.04.2025

61

Савол:

Аёли бор бўлиб туриб, бошқа бир аёлнинг расмларига қараш, кўриш, қидириш зино ҳисобланадими?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Номаҳрам аёл-қизларнинг бевосита ўзига ёки суратига заруратсиз қараш шаръан ҳаром амал ҳисоланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

 قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ۝

яъни: “Мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан ўта хабардордир” (Нур сураси 30-31-оятлар).

Ушбу ояти каримада зинога сабаб бўлувчи энг бош омил – эркакларнинг номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашлари эканига ишора бор. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қарашларни «кўз зиноси» деб атаганлар.

إِنَّ اللَّهَ كَتَبَ عَلَى ابْنِ آدَمَ حَظَّهُ مِنَ الزِّنَى، أَدْرَكَ ذَلِكَ لَا مَحَالَةَ، فَزِنَى الْعَيْنِ النَّظَرُ، وَزِنَى اللِّسَانِ الْمَنْطِقُ، وَالنَّفْسُ تَمَنَّى وَتَشْتَهِي، وَالْفَرْجُ يُصَدِّقُ ذَلِكَ كُلَّهُ وَيُكَذِّبُهُ ".(رواه الإمام البخاري عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзилгандир. Икки кўзнинг зиноси – назар солишдир. Тилнинг зиноси – гапиришдир. Икки қулоқнинг зиноси – эшитишдир. Икки қўлнинг зиноси – ушлашдир. Икки оёқнинг зиноси – йуриб боришдир. Нафс орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса уни ё рўёбга чиқаради, ё ёлғонга чиқаради” (Имом Бухорий ривоятлари). 

Имом Термизий Бурайда разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ей Али, назарга назарни эргаштирма! Биринчиси фойда бўлса, иккинчиси сенга зарардир”, – деганлар. 

Дарҳақиқат, биринчи назарда зарур мақсад ҳосил бўлади. Аммо кетма-кет қараш, аввал айтилганидек, шаҳват қўзғатади. Шунингдек, бехосдан назар тушиши ҳам гуноҳ эмас. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ Бажарий разияллоҳу анҳу: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламдан бехосдан тушган назар ҳақида сўраган эдим, кўзимни бошқа томонга буришни амр қилдилар”, – деганлар. Исломда эркаклар номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарилибгина қолмай, балки бу амрга риоя этганлари учун ажру савоб ҳам ваъда қилинади. 

Имом Табарий Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, (номаҳрамга) назар қилиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у(назар)ни тарк қилса, бадалига бир иймон бераманки, унинг ҳаловатини ўз қалбида топади”. 

Имом Аҳмад Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон бирорта аёлнинг зийнатларига назари тушса-йу, сўнгра кўзини олиб қочса, албатта, Аллоҳ уни шундай ибодатга алмаштирадики, унинг ҳаловатини топади”, – деганлар. 

Номаҳрам аёлларга назар солмаслик ҳақидаги амрдан бир неча ҳолатлар истисно қилинган. Масалан, бир одам уйланмоқчи бўлса, у аёлга назар солиши мумкин. Имом Аҳмад Абу Ҳумайддан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз бирор аёлга уйланмоқчи бўлса, унга назар солишида гуноҳ йўқдир, чунки у уйланиш ниятида назар солади”, – деганлар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар