Турмуш қурганимизга 20 йил бўлди. Никоҳимизга хўжайинимни ота-оналари гувоҳ бўлишган, мен томондан ҳеч ким бўлмаган. Шу никоҳ билан яшаб келаяпмиз. Маҳр берилмаган ва сўралмаган ҳам. Қандай маслаҳат берасиз. Биз нима қилсак бўлади?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Никоҳда гувоҳлар икки эркак, ҳанафий мазҳабида икки эркак бўлмаса, бир эркак, икки аёл киши бўлса ҳам бўлаверади. Фақат аёл кишиларнинг ёлғиз ўзларининг гувоҳлиги кифоя қилмайди. Агар вакил қилувчи (яъни, никоҳланувчилардан бири, масалан келин)нинг ўзи ҳозир бўлса, вакил қилинган киши( кўпинча келиннинг яқин қариндоши) гувоҳ бўла олади. Шунингдек, балоғатга етган, бошқа одам унга валий қилинган қиз (келин никоҳ пайтида) ҳозир бўлса, унинг валийси гувоҳ бўла олади. (“Кифоя” китобидан).
Демак, саволда баён қилинган ҳолатда ҳам куёвнинг отаси ва никоҳ ўқиган киши иккиси гувоҳ ҳисобланади ва бу никоҳ саҳиҳ бўлади.
Маҳр масаласига келсак, Агар никоҳ пайтида умуман маҳр белгиланмаган бўлса, эр маҳри мисл беради. Яъни, никоҳ битими тузилган пайтда, келинга ота томонидан ҳар жиҳатдан (ёши, ҳусни ва ҳоказо) тенг бўлган аёл қариндошлари қанча маҳр олган бўлса, ўшани беради. Бу ҳақида “Ал-Баҳрур роиқ” китобида шундай дейилади:
( وَإِنْ لَمْ يُسَمِّهِ أَوْ نَفَاهُ فَلَهَا مَهْرُ مِثْلِهَا ) أَيْ وَإِنْ لَمْ يُسَمِّ الْمَهْرَ فِي الْعَقْدِ أَوْ نَفَاهُ فَلَهَا مَهْرُ مِثْلِهَا إنْ وَطِئَ أَوْ مَاتَ عَنْهَا ، وَكَذَا إذَا مَاتَتْ هِي
яъни: “(Ер маҳрни миқдорини айтмаса ёки маҳр йўқ, деса, аёлга ўзига ўхшашларнинг маҳри берилади) яъни, никоҳ пайтида эр маҳрнинг миқдорини айтмаса, ёки маҳрни йўққа чиқарса ҳам, аёлга маҳри мисл берилади. Маҳри мислга ҳақли бўлиш жинсий алоқа (ёки жинсий алоқага имкон бўлиши), ё эрнинг вафот этиши ёки аёл вафот этиши билан бўлади”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.