Эҳтилом бўлганим эсимдан чиқиб, Масжидул ҳаромга кириб, нафл тавоф қилиб қўйибман. Тугатганимдан кейин жунуб бўлганим эсимга тушди. Бу ҳолда қандай йўл тутаман?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аслида ҳар қандай тавофни, ҳаттоки, нафл тавофни ҳам таҳоратли ҳолда қилиш вожиб саналади. Сиз Маккада турган ҳолингизда савол сўраётган бўлсангиз покланиб, тавофни қайта бажарсангиз зиммангизда жарима қолмайди. Бордийу, ватанга қайтиб савол сўраётган бўлсангиз, жунуб ҳолингизда тавоф қилганингиз учун Маккага пул жўнатиб Ҳарам ҳудудида жонлиқ сўйдиришигиз лозим бўлади.
Ҳаж ва умра масалаларига бағишланган машҳур манбалардан бири бўлган “Ғунятун носик” китобида нафл тавофлардан ҳисобланган тавофи қудум масаласида шундай дейилган:
فلو طاف للقدوم كله أو أكثره جُنُبًا فعليه دم، ولو محدثا فصدقة لكل شوط نصف صاع من برّ ، فإن أعاده سقط عنه الجزاء،
“Агар тавофи қудумнинг барчасини ёки аксарини жунуб ҳолатда бажарса, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Бетаҳорат қилиб қўйса, ҳар айлана учун ярим сў(икки кило) буғдой садақа қилади. Агар покланиб, қайтадан тавоф қилса, жарима соқит бўлади”.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, билмасдан нопок ҳолда тавоф қилган кишига жарима лозим бўлсада, гуноҳкор бўлмайди. Аммо қасддан нопок ҳолда тавоф қилган киши жаримага қўшимча гуноҳкор ҳам бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.