Ассалому алайкум. Менда шунақа бир муаммо бор. 5 маҳал намозни тўлиқ ўқий олмаяпман, қайсидир пайт чарчаб ёки бошқа сабаблар билан қолдириб қўяпман. Шунга нима маслаҳат ёки тавсия берасиз?
Ва алайкум ассалом. Ибодатдан, хусусан, намоздан оғриниш ва узоқлашишнинг асосий сабабларидан бири, бу бизнинг гуноҳларимиздир. Ҳар бир инсон хато қилади, лекин бу гуноҳлар қалбда ўз изини қолдиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларки, мўмин банда бир гуноҳ қилса, қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Агар у дарҳол тавба қилса, гуноҳдан қайтиб, истиғфор айтса, қалби покланади. Агар гуноҳда давом этса, ўша қора нуқта катталашиб, бутун қалбни қоплаб олади. Айнан мана шу доғ қалбни қотиради ва уни тоат-ибодат лаззатидан тўсади.
Шундай экан, биринчи ва энг муҳим ечим бу тавба ва истиғфордир. "Астағфируллоҳ" зикрини тилингиздан қўйманг. Ўзингиздаги кучсизлик ва дангасаликни енгиш учун Аллоҳдан мадад сўраб, "Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ" зикрини кўп айтинг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ушбу дуони доим ўқиб йуринг: "Аллоҳумма, мусоррифал қулуб, сорриф қулубана ъала тўатик". Маъноси: "Ей қалбларни буриб турувчи Аллоҳ! Қалбларимизни тоатингга бургин!".
Сизни қийнаётган яна бир нарса – бу "кейин ўқирман", "ҳозир чарчадим" қабилидаги васвасалар бўлиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Агар шундай бўлса, билингки, бу шайтоннинг иғвоси. У айнан шу йўл билан сизни ибодатдан қолдиришга уринади. Бундай хаёл келган заҳоти "Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм" денг-да, ўша фикрни миянгиздан чиқариб ташланг ва дарҳол намозга туринг. Шайтонга янги найранг топиш олиши учун фурсат берманг.
Умидсизликка тушманг. Сизнинг шу саволни беришингиз ва ташвишланишингизнинг ўзи Аллоҳ таоло сизни яхшиликка йўналтириб қўйганининг белгисидир. Истиғфорда, дуода ва амалда бардавом бўлинг. Аллоҳ таоло ибодатларда собитқадам қилсин. Валлоҳу аълам.