Ассалому алейкум. Витр вожиб намозини иккинчи ракатни саждасидан кейин ташаҳҳудда ўтирмай учинчи ракатга туриб кетаверса бўладими? Ёки уч ракатли намозларни шу тартибда ўқиса бўладими?
Уч ракатли витр вожиб намозининг иккинчи ракати саждасидан сўнг қаъдага ўтириб, ташаҳҳуд ўқиш вожиб амал ҳисобланади. Буни тарк этиб, ўтирмасдан тўғридан-тўғри учинчи ракатга туриб кетиш жоиз эмас. Агар унутиб ўтирмай туриб кетилса, намоз охирида саждаи саҳв қилиш лозим бўлади. Бу қоида нафақат витр намозига, балки барча уч ёки тўрт ракатли намозларга тегишлидир, чунки биринчи қаъда ушбу намозларнинг вожибларидан биридир.
Энди сизни ушбу саволни йўллашингизга сабаб бўлган ривоятга тўхталсак: Ато раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: у (Ато) уч ракат (витр намозини) ўқир, уларнинг орасида ўтирмас ва ташаҳҳудни фақат витрнинг охирги ракатида ўқир эдилар. Агар Ато раҳимаҳуллоҳнинг ҳадисларидаги иккинчи ракатда ўтирмасликдан мурод умуман ўтирмаслик бўлса, у ҳолда бу ҳадис бошқа тобеинлар ва саҳобаи киромлар розияллоҳу анҳумларнинг ҳадисларига зид бўлади. Бу ҳолатда саҳобаи киромларнинг ҳадисларига амал қилинади, чунки ҳазрати Ато розияллоҳу анҳу тобеиндир. Саҳоба ва тобеиннинг амаллари ўртасида ихтилоф бўлса, саҳобанинг амали устун қўйилади. Қолаверса, улуғ муҳаддис имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ўз саҳиҳида ривоят қилган узун ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо: وَكَانَ يَقُولُ فِي كُلِّ رَكْعَتَيْنِ التَّحِيَّةَ، “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳар икки ракатда аттаҳиёт бор” , дер эдилар”, деганлар. Мазкур ҳадиси шарифда витр намози истисно қилинмаган. Демак, ҳар қандай намознинг иккинчи ракатида қаъдага ўтирилади ва ташаҳҳуд ўқилади. Бошқа бир ҳадисда витр намози шом намозига ўхшаши айтилган: Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ “Шарҳи маонил осор” номли китобларида қуйидаги ривоятни келтирганлар: حَدَّثَنَا أَبُو بَكْرَةَ، قَالَ: ثنا أَبُو دَاوُدَ، قَالَ: ثنا أَبُو خَلْدَةَ، قَالَ: سَأَلْتُ أَبَا الْعَالِيَةِ عَنِ الْوِتْرِ، فَقَالَ: «عَلَّمَنَا أَصْحَابُ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَوْ عَلَّمُونَا أَنَّ الْوِتْرَ مِثْلُ صَلَاةِ الْمَغْرِبِ , غَيْرَ أَنَّا نَقْرَأُ فِي الثَّالِثَةِ , فَهَذَا وِتْرُ اللَّيْلِ , وَهَذَا وِتْرُ النَّهَارِ» “Абу Халда айтади: “Мен Абул Олиядан витр ҳақида сўрадим. У: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бизга витрни шом намозига ўхшайди, бироқ (шомнинг) учинчи ракатида қироат қилмаймиз. Бири кечанинг витри, бири кундузнинг витридир деб ўргатганлар”, деб жавоб берди”. Аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай деганлар: فیه ایضًا قوله ﷺ ъъفی کل رکعتین التحیةъъ فانه یفید حکما کلیًا بوجوب القعدۃ علٰی رأس کل رکعتین من الصلاة فرضًا کانت أو نفلًا “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳар икки ракатда аттаҳиёт бор”, деган сўзлари фарз бўлсин, нафл бўлсин, барча намознинг иккинчи ракатида қаъдада ўтиришнинг вожиб эканини англатади. (“Еълоус сунан” китоби).