НАМОЗ НАМОЗГА НИЯТ ҚИЛИШДАГИ ДУО

ID: 2526

12.09.2025

662

Савол:

Ассалому алайкум Намозда бошланишида “Субḥāнака Аллāҳумма wа биḥамдика…” дуосини ўқиймиз лекин шу дуони ўрнига бошқа дуоларни ҳам ўқиса бўладими? мисол: Аллāҳу акбару кабīран, wал-ḥамду лиллāҳи касīран… Ёки ушбу дуони ўқиш фарзми?

Жавоб:

Ҳанафий мазҳабига кўра, намозни бошлашдаги такбири таҳримадан сўнг сано (Аллоҳга ҳамду сано айтиш) суннат амал ҳисобланади, фарз эмас. Мазҳабда машҳур ва маъруф бўлган сано дуоси “Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика…” дир. Бироқ, уламоларнинг сўзларига кўра, бу суннатни Аллоҳга ҳамд айтишни ифодаловчи бошқа дуолар билан ҳам адо этиш мумкин. Бу ҳақда Ибн Обидиннинг машҳур асари “Раддул муҳтор”да шундай дейилади:

Арабий матн:

(وَيُثْنِي بَعْدَهَا) وَهُوَ «سُبْحَانَك اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِك» (قَوْلُهُ: وَهُوَ سُبْحَانَك اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِك) كَذَا فَسَّرَ بِهِ الثَّنَاءَ فِي شَرْحِ دُرَرِ الْبِحَارِ وَغَيْرِهِ، وَقَالَ فِي الْعِنَايَةِ: إنَّهُ مُرَادُ صَاحِبِ الْهِدَايَةِ لِأَنَّهُ الْمَعْهُودُ مِنْ الثَّنَاءِ، وَذَكَرَ فِي النَّهْرِ أَنَّ هَذَا رِوَايَةُ الْحَسَنِ عَنْ الْإِمَامِ. وَاَلَّذِي فِي الْمَبْسُوطِ عَنْ صَاحِبِ الرِّوَايَةِ أَنَّهُ يَحْمَدُ اللَّهَ. اهـ. أَقُولُ: مُقْتَضَى ظَاهِرِ الرِّوَايَةِ حُصُولُ السُّنَّةِ بِأَيِّ صِيغَةٍ مِنْ صِيَغِ الْحَمْدِ، فَيَشْمَلُ الثَّنَاءَ الْمَذْكُورَ لِاشْتِمَالِهِ عَلَى الْحَمْدِ

(Мусаннифнинг “ва у Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдикадир” деган сўзи)га келсак, “Дурарул биҳор шарҳи” ва бошқа китобларда сано шундай тафсир қилинган. “Ал-Иноя”да айтилишича, “Ҳидоя” соҳибининг мақсади ҳам шу, чунки санодан одатда шу дуо тушунилади. “Ан-Наҳр”да бу Ҳасаннинг Имом Аъзамдан қилган ривояти экани зикр қилинган. “Ал-Мабсут”да эса ривоят соҳибидан “Аллоҳга ҳамд айтади” деган сўз келтирилган. Мен айтаманки: зоҳири ривоянинг тақозоси шуки, суннат амали ҳар қандай ҳамд сўзлари билан ҳосил бўлади. Демак, зикр қилинган (машҳур) сано дуоси ҳам уни ўз ичига олади, чунки унда ҳамд мавжуд.

Хулоса шуки, намозхон такбири таҳримадан кейин “Субҳанакаллоҳумма...” дуосини ўқиши ҳанафий мазҳабида афзал кўрилган суннатдир. Лекин бу дуони ўқиш фарз эмас. Агар киши бу дуони билмаса ёки унинг ўрнига саволда зикр қилинган “Аллоҳу акбару кабийрон, вал-ҳамду лиллаҳи касийрон...” каби Аллоҳга ҳамд ва улуғлашни ифодалайдиган бошқа бир дуони ўқиса ҳам, сано айтиш суннатини адо этган ҳисобланади. Чунки асосий мақсад – намозни Аллоҳга ҳамду сано билан бошлашдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар