Бирор сабабга кўра намозни кроват ёки сўри устида ўқиш мумкинми?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бирор сабаб билан ёки ҳеч бир сабабсиз ҳам мустаҳкам турган, сажда қилганда пешона қарор топадиган ва пок сўри устида намоз ўқиш жоиз. Чунки бу ҳолатда намоз дуруст бўлишига тўсиқ бўладиган ҳеч нарса йўқ.
Фиқҳий манбаларда аравада намоз ўқиш масаласи зикр қилиниб, унинг дуруст бўладиган ҳолати сўрида намоз ўқишга қиёсланган. Баҳрур роиқ китобида шундай дейилади:
أَمَّا الصَّلَاةُ عَلَى الْعَجَلَةِ إنْ كَانَ طَرَفُ الْعَجَلَةِ عَلَى الدَّابَّةِ وَهِيَ تَسِيرُ أَوْ لَا تَسِيرُ فَهِيَ صَلَاةٌ عَلَى الدَّابَّةِ تَجُوزُ فِي حَالَةِ الْعُذْرِ وَلَا تَجُوزُ فِي غَيْرِ حَالَةِ الْعُذْرِ وَإِنْ لَمْ يَكُنْ طَرَفُ الْعَجَلَةِ عَلَى الدَّابَّةِ جَازَ وَهُوَ بِمَنْزِلَةِ الصَّلَاةِ عَلَى السَّرِيرِ
“Аравада намоз ўқишга келсак, араванинг бир томони улов устида бўлса ва улов йурибдими ё тўхтаб турибдими, бу улов устида намоз ўқиш ҳукмида бўлади. Узр ҳолатида дуруст, узрсиз бўлса, дуруст эмас. Агар араванинг бир томони улов устида бўлмаса, унда намоз ўқиш жоиз. Бу сўри устида намоз ўқиш ўрнида бўлади”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.