НАМОЗДА ҚЎЛ БОҒЛАШ КЎРИНИШИ

ID: 989

04.04.2025

118

Савол:

Намозда тик турганда қўл қандай ҳолатда туради. Бировлар кўкрагида ушлаб туради, бировлар пастроқда тутади. Айримлар эса билакларини тутиб туради. Қиёмда қўл тутишнинг одоби тўғрисида тушунтириб берсангиз.

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Ҳанафий мазҳабимизга кўра намозда турган киши қўлларини бир-бирига боғлаб, киндик остига қўяди. Бу ҳақида бир қанча ривоятлар мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.

عن وائل بن حجر رضى الله عنه قال "رأيت النبى صلى الله عليه وسلم  وضع يمينه على شماله فى الصلاة تحت السرة" اخرجه الإمام ابن ابى شيبة.  رجاله ثقات.

яъни: Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳудандан ривоят қилинади, у зот айтадилар: “Мен Расулуллоҳни саллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига киндик остига қўйганларини кўрдим”, (Имом Ибн Абу Шайба ривояти). “Еълоус сунан” китобида бу ҳадиснинг ровийлари ишончлидир дейилган. Яна бир ривоятда шундай келади:

عن ابى وائل رضى الله عنه قال: قال ابو هريرة رضى الله عنه: "اخذ الاكف على الاكف فى الصلاة تحت السرة" (رواه الإمام ابو داود).

яъни: Абу Воил разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтдилар: “Намозда кафтнинг устига кафтни қўйиб, киндик остида ушланади” (Имом Абу Довуд ривояти).       Аллома Зафар Аҳмад Усмоний мана шу ривоятни келтириб, шундай деганлар: “Муҳаммад ибн Сирин Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилганларида, у зотдан “Бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламданми?” деб сўрашган. Шунда Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ: “Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг ҳар бир ҳадиси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдандир”,- деб жавоб берганлар. Демак, бундан Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг ҳар бир ҳадиси марфуъ (Расулуллоҳдан келган) эканлиги келиб чиқади. Шундай қилиб, намозда қўлларни киндик остига қўйиш суннат эканлиги собит бўлган”.

عن ابى جحيفة ان عليا رضى الله عنه قال: "السنة وضع الكف على الكف فى الصلاة تحت السرة". (رواه الإمام ابو داود) 

яъни: Абу Жуҳайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Али разияллоҳу анҳу айтдилар: “Намозда қўлни қўлнинг устига қўйиб, киндик остига тушириш - суннатдир” (Имом Абу Довуд ривояти).       Бу ҳадис Имом Аҳмаднинг "Муснад"ида ҳам келтирилган. Ҳофиз ибн Ҳажар ўзининг "Тажриду завоиди муснад ал-Баззор" асарида: “Агар ҳадис "Муснади Аҳмад"да келса, бошқа Муснадларга ҳожат йўқ”, деган. Шундай қилиб, ушбу ҳадис ҳасан даражасидан тушмайди. (“Еълоус сунан” китоби). Намозда қўлни киндик остига қўйиш ҳақида барча фиқҳий китобларимизда маълумотлар мавжуд. Жумладан, “Мухтасар ул-Виқоя” китобида шундай дейилган:

يضع يمينه على شماله تحت سرّته

яъни: “(Намоз ўқувчи) ўнг қўлини чап қўлининг устига қилиб, киндик остига қўяди”.        Намозда қўлни киндик остида тутишнинг баъзи афзалликлари ҳақида “Музмарот” китобидан бундай дейилган:

لانه اقرب الى التواضع وابلغ الى الخشوع والى ستر العورة واحفظ للازار عن السقوط

яъни: “Қўлни киндик остида тутиш – камтарликка яқинроқдир, хушуъ ва аврат аъзоларини ёпилишига олиб борувчироқдир, изорни тушиб кетишдан сақлагувчироқдир”.       Демак, намозда қўлни қаерда тутиш ҳолати ҳақидаги ҳадисларни мувофиқлаштириш керак бўлади. Уни эса фақат ижтиҳод қилишга қодир уламоларимиз аниқлаб берадилар. Ҳанафий мазҳабимиз мужтаҳидлари йуқоридаги ҳадисларга асосланиб, эркаклар қўлларини киндик остида тутадилар дейишган. Қолаверса ушбу ҳолат эркакларда таъзим ва хушуъга яқинроқдир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар