НАМОЗДА САҲВ САЖДАСИ

ID: 3065

06.10.2025

67

Савол:

Ассалому алайкум, устозлар. Жаҳрий намозда хатони тўғрилаш учун саҳв саждаси қилинаётганда саҳв саждасининг саломи ва такбири жахрий ўқиладими ёки махфий ўқиладими? Шу саволимга 5 йилдан буён жавоб тополмадим. Илтимос шу саволимдаги масалага ойдинлик киритиб беринг?

Жавоб:

Жаҳрий, яъни овоз чиқариб ўқиладиган намозда хатолик сабабли саҳв саждаси қилинганда, унинг такбирлари ва саломи имом томонидан жамоатга эшиттириб, яъни жаҳрий айтилиши суннатдир.

Якка ўзи намоз ўқиётган киши эса саҳв саждасининг такбирлари ва саломини ўзи эшитадиган даражада махфий айтади. Чунки унда бошқаларга эшиттириш зарурати йўқ.

Бу ҳақда ҳанафий фиқҳидаги мўътабар манбалардан бўлган "Раддул муҳтор" китобида бундай дейилган:

"وسننها ... جهر الإمام بالتكبير بقدر حاجته للإعلام بالدخول والانتقال. وكذا بالتسميع والسلام. وأما المؤتم والمنفرد فيسمع نفسه"

"Намознинг суннатларидан... имомнинг намозга киришни ва (бир рукндан иккинчисига) ўтишни билдириш учун эҳтиёжига қараб такбирни жаҳрий (овоз чиқариб) айтишидир. Шунингдек, тасмиъни ("Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ" дейишни) ва саломни ҳам. Иқтидо қилувчи (имомга эргашган) ва ёлғиз ўқувчи эса (буларни) ўзи эшитадиган даражада айтади".

Хулоса қилиб айтганда, бу ҳукм намоздаги бошқа такбирлар ва саломнинг ҳукми билан бир хилдир: имом жамоатга эшиттиради, ёлғиз намозхон эса ўзига эшиттиради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар