Ассалом алекум, саволим шуки, бир куни жамоат намозга кечикиброқ келдим, сафда турганимда ёнимдаги кишининг қаршисида олдиндаги сафдан озроқ очиқ жой борлигини кўрдим киши сиғмайдиган даражада, 2-ракат бошланганда у бўш жой киши сиғадиган даражага келиб қолди. Шу ҳолатда олдинги сафга ёнимдаги киши ўтиши керакми бўш жойни тўлдириш учун ва агар мумкин бўлсайу, ёнимдаги киши ўтмаса олдинга, мен ўтсам бўладими, ёнимдаги кишини намозини кесиб қўйган бўлмайманми?
Ҳанафий фиқҳидаги энг мўътабар китоблардан бўлмиш, “Раддул муҳтор”да бундай дейилган:
وَفِي الْقُنْيَةِ قَامَ فِي آخِرِ صَفٍّ وَبَيْنَهُ وَبَيْنَ الصُّفُوفِ مَوَاضِعُ خَالِيَةٌ فَلِلدَّاخِلِ أَنْ يَمُرَّ بَيْنَ يَدَيْهِ لِيَصِلَ الصُّفُوفَ لِأَنَّهُ أَسْقَطَ حُرْمَةَ نَفْسِهِ فَلَا يَأْثَمُ الْمَارُّ بَيْنَ يَدَيْهِ، دَلَّ عَلَيْهِ مَا فِي الْفِرْدَوْسِ عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ عَنْهُ ﷺ «مَنْ نَظَرَ إلَى فُرْجَةٍ فِي صَفٍّ فَلْيَسُدَّهَا بِنَفْسِهِ؛ فَإِنْ لَمْ يَفْعَلْ فَمَرَّ مَارٌّ فَلْيَتَخَطَّ عَلَى رَقَبَتِهِ فَإِنَّهُ لَا حُرْمَةَ لَهُ» أَيْ فَلْيَتَخَطَّ الْمَارُّ عَلَى رَقَبَةِ مَنْ لَمْ يَسُدَّ الْفُرْجَةَ.
“Қуня” китобида шундай дейилади: “Бир киши охирги сафда турса-йу, у билан олдинги сафлар ўртасида бўш жойлар бўлса, кейин келган киши сафларга етиб олиш учун унинг олдидан ўтиши мумкин. Чунки у (олдиндаги бўш жойни тўлдирмаган киши) ўзининг ҳурматини кетказган бўлади. Шунинг учун унинг олдидан ўтувчи киши гуноҳкор бўлмайди. Бунга “Фирдавс” китобида Ибн Аббосдан ривоят қилинган ушбу ҳадис далолат қилади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким сафда очиқ жойни кўрса, уни ўзи тўлдирсин. Агар шундай қилмаса ва бирор ўтувчи ўтса, унинг бўйнидан ҳатлаб ўтсин, чунки у киши учун ҳурмат йўқдир». Яъни, ўтувчи киши сафдаги бўш жойни тўлдирмаган кишининг бўйнидан ҳатлаб ўтсин”.
Шунга кўра, жамоат намозида сафдаги бўш жойни тўлдиришга биринчи навбатда ўша жойга яқин турган киши масъулдир. Демак, ёнингиздаги киши олдиндаги сафда киши сиғадиган даражада жой очилганини кўриши биланоқ ўша жойни тўлдириши керак эди. Агар у бу вазифани бажармаса, матнда таъкидланганидек, у ўзининг ҳурматини кетказган ҳисобланади. Шу сабабли, сиз унинг ёнидан ўтиб, олдинги сафдаги бўш жойни тўлдиришингиз жоиз. Бунда сиз унинг намозини кесган ёки гуноҳкор бўлган ҳисобланмайсиз, чунки сафдаги камчиликка йўл қўйган кишининг олдидан ўтишга шаръан рухсат берилган.